Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳам 2017 йилни Гулистон шаҳрида аҳоли вакиллари билан учрашишдан бошлади.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳам 2017 йилни Гулистон шаҳрида аҳоли вакиллари билан учрашишдан бошлади.
Учрашувда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ОАВ ходимлари иштирок этди. Унда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратилган.
Мулоқотда маҳаллаларда ечимини кутаётган муаммолар, қурилиш ишлари, кўча ва йўлларни таъмирлаш, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича сусткашликка йўл қўйилаётгани, “Аҳиллик” ва “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинларида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимида муаммолар борлиги қайд этилди. Вилоят ҳокими мутасадди идоралар раҳбарларига кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берди.