Бугун, 9 июнь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади.
Кенгаш мажлисида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирок этади: Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизитон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон.
Шунингдек, ШҲТ саммитида бугун ташкилотнинг янги аъзосига айланадиган мамлакатлар бош вазирлари ҳам қатнашади: Ҳиндистон – Нарендра Моди ва Покистон – Муҳаммад Навоз Шариф.
Таъкидлаш жоиз, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари саммит меҳмони бўлишади: БМТ бош котиби Антониу Гуттериш, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ижрочи директори Гун Цзяньвэй, МДҲ ижрочи котиби, ижрочи қўмитаси раиси Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Бош котиби ўринбосари Аманжол Жанкулиев, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси бош отиби Лионг Минь.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокидаги Кенгаш мажлиси тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилиши режалаштирилган.
Йиғилиш давомида Остона декларацияси имзоланиши, экстремизмга қарши ҳаракатлар тўғрисида ШҲТ конвенцияси қабул қилиниши кутилмоқда.
Мажлис якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган.
Кун якунида саммит иштирокчилари Остона шаҳридаги “EXPO – 2017” ихтисослаштирилган халқаро кўргазманинг расмий очилиш маросимида иштирок этадилар.