Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевани туғилган куни билан қутлаб борган ёзувчи Саломат Вафо шоиранинг хаста эканини айтди.
“Кеча, 18 май куни устоз, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевани йўқлаб бордик. Устозни туғилган кунлари билан табрикладик. Тетик ва руҳлари баланд эканини кўриб хурсанд бўлдик. Аммо, Ҳалима опа бироз хасталиклари туфайли биз билан расмга тушолмадилар”, деб ёзади Саломат Вафо.
Маълумот учун, Ҳалима Худойбердиева 1947 йилнинг 17 май куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. У 1972 йилда ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг Журналистика факультетини тамомлаган. Шоиранинг “Илк муҳаббат”, “Оқ олмалар”, “Чаман”, “Суянч тоғларим”, “Бобо қуёш”, “Иссиқ қор”, “Садоқат”, “Муқаддас аёл”, “Юрагимнинг оғриқ нуқталари”, “Хўрлик ўти”, “Бу кунларга етганлар бор”, “Тўмариснинг айтгани”, “Йўлдадирман” каби шеърий тўпламлари нашрдан чиққан.
Шоира ижтимоий тармоқлардан рўйхатдан ўтиб, сўнгги вақтларда ёзган шеърларини интернет орқали эълон қилиб бораётган эди.
Биз таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевани таваллуд куни билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик тилаб қоламиз.