Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатда дин ривожи учун олиб борган ислоҳотлари ҳақида гапирди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз раҳбари ташаббуси, фидойилиги билан нафақат миллий-диний байрамларимиз, балки дину диёнат ва эътиқодимизга янгича ҳаёт бахш этилди, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, улуғ алломаларимизнинг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Биз диний ходимлар, имом-хатиблар мустақилликнинг 25 йиллик тарихи давомида Юртбошимиз ғамхўрликларини ҳис қилган ҳолда фаолият юритганимизни зинҳор унутмаймиз.
Истиқлол шарофати ва Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муқаддас ислом дини таълимоти, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, бебаҳо тарихий меросимизнинг тикланиши ва ривожланиши учун барча шарт-шароит яратилди.
Истиқлол туфайли миллий ва диний қадриятларимиз тикланди. Буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари она тилимизга таржима қилинди. Ҳозир ҳар бир мусулмон ўзининг муқаддас дини ва шариат аҳкомларидан хабардор бўлишни истаса, бемалол китоб дўконларидан хоҳлаган диний асарни харид қилиб, мутолаа қилиши мумкин.
Мустақиллик йилларида мўмин-мусулмонлар ўз кундалик диний ибодатларини бехавотир ва эмин-эркин адо этиш имкониятга эга бўлдилар. Бу борада тегишли қонун ва фармонлар қабул қилинди. Диний байрамларни нишонлаш, муқаддас жойларни зиёрат қилиш анъанаси қайта тикланиб, бу борада зиёратчиларга қулайлик ва шарт-шароитлар яратилди. Конституциямизга биноан халқимиз ўз диний эътиқодларини яширмайдиган, миллий удумларини бамайлихотир амалга оширадиган бўлди.
Халқ таълими ва олий таълим тизимида динлар тарихини ўқитиш ва диншунослик фанлари ўқув дастурига киритилди. Муборак ҳаж ва умра сафарини ният қилганлар учун кенг имкониятлар яратилди. Масжид ва мадрасалар сони аҳоли эҳтиёжига яраша кўпайтирилди. Ваҳоланки, асрлар давомида етук олимларни тарбиялаган мадрасалар эшигига шўро даврида қулф осилиб, билим масканлари турли омборларга айлантирилган эди.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Абу Мансур Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб алломаларнинг таваллуд айёмлари кенг нишонланди. Уларнинг хокипоклари қўним топган гўшалар обод этилиб, зиёратгоҳлар барпо қилинди. Улуғ бобокалонларимизнинг илмий мерослари тадқиқ этилиб, ёш авлод тарбиясида унумли фойдаланилмоқда.
Истиқлол илм масканлари эшикларини ёшларга кенг очиб берди. Мустабид тузум даврида фақатгина иккита – Тошкент ислом институти ва Бухорода “Мир Араб” мадрасаси чекланган шароитларда фаолият юритишига рухсат этилган эди.
Пойтахтимизда Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро”, Китоб шаҳрида “Хожа Бухорий”, Наманганда “Ҳидоя”, Андижонда “Саййид Муҳйиддин махдум”, Урганчда “Имом Фахриддин Розий”, Нукусда “Муҳаммад ал-Беруний”, Бухорода “Мир Араб” ва “Жўйбори калон” билим юртлари фаолият кўрсатмоқда.
Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан 1999 йили Тошкент ислом университети ташкил этилиб, бу олий таълим муассасасида талабаларга диний ва дунёвий билимлардан сабоқ берилмоқда.
Шўро даврида харобага айланган масжидлар истиқлолдан кейин қайта тикланиб, фойдаланишга топширилди. Аввал ўлкамизда саксонга яқин масжид фаолият юритган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони икки минг қирқтага етди. Шу ўринда эслашимиз керакки, Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан бир қатор муқаддас қадамжолар, диний ёдгорликлар, зиёратгоҳлар Маданият вазирлиги тасарруфидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси қарамоғига ўтказилди.
Истиқлолдан аввал ҳаж сафарига саноқли кишиларгина борган бўлса, ҳозир ҳар йили 11 мингдан зиёд фуқаромиз умра ва ҳаж ибодатларини адо этиб келмоқда. Мустақиллигимизнинг илк йилларидан то шу кунга қадар 200 мингга яқин юртдошимиз муборак сафарларга бориб келди.
Қайд этиш лозимки, Президентимизнинг 1991 йилдаги икки ҳайит байрами кунларини дам олиш кунлари деб эълон қилиш ҳақидаги фармонлари асосида мана йигирма беш йилдирки, икки ҳайитнинг биринчи кунлари диний байрам – дам олиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Ислом оламидаги энг нуфузли ташкилотлардан бири – ISESCO томонидан пойтахтимиз – Тошкент шаҳрига 2007 йилда Ислом маданиятининг пойтахти мақомининг берилиши Юртбошимизнинг ислом маданияти ва маънавиятини юксалтириш йўлида амалга оширган хайрли ишларининг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилишидир.
Ҳар қандай эзгу ният ва мақсадни амалга ошириш, аввало, жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқ. Ҳозир дунёнинг айрим мамлакатларида сиёсий беқарорлик ҳукм сураётган бўлса, бошқа бир ўлкаларда терроризм, миллат танламас хуружлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу каби ҳолатлар бизни тинч ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам асоси бўлган истиқлолимизга шукрона қилиш, унинг қадрига етиш ва кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.
Истиқлолнинг ҳар бир йили юртимиз тарихида ўзига хос ёрқин из қолдирмоқда. Бу даврда эришилган улкан муваффақиятларимиз тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланмоқда. Ватанимизни янада обод, турмушимизни бундан-да фаровон этиш энг улуғ мақсадимиз. Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди” деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, унинг янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизни насибу рўзи айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари