...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шаҳзода Муҳаммедова қуюшқондан чиқди. У дунё таниган ўзбек бастакорини руҳий касал ва разил инсон деб ҳақоратлади


16:35, 07.07.2017 Шоу-бизнес
 47 410

Бу вазиятга Дилором Омонуллаеванинг шогирдлари Севара Назархон, Манзура Йўлдошева, Дилноза Исмияминова, Жаҳонгир Отажонов жим қараб турармикин.

Ҳар икки гапнинг бирида ўзини аслзодалардан эканини эслатиб туришни канда қилмайдиган “актриса”, “телебошловчи”, “хонанда”, дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова кўп ҳолларда ҳаётидаги айрим воқеаларни ижтимоий тармоқлар орқали оммага ёйиб, эътибор тортишни хуш кўриши сир эмас. У бир неча бор ижтимоий тармоқлар орқали ёзиб қолдирган фикр-мулоҳазалари (билмадик, буларни фикр деб бўлармикин), суратлари билан одамлар орасида муҳокамага тушган. Бир-икки хусусий кинофильмлар билан томошабин эътиборига тушиб, бугун кино санъатидан зериккан ва ўзини қўшиқчиликда ҳам синаб кўриб ҳеч омади келмаган Шаҳзода Муҳаммедованинг галдаги гаплари Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, бастакор, “Шарқ тароналари”, “Тошкент” гимнлари муаллифи Дилором Омонуллаевага аталди. Ижтимоий тармоқларга Дилором Омонуллаеванинг сурати ёнига у ҳақидаги гаплар телба-тескари қилиб ёзилган постни жойлаштирди. Постда шундай дейилади:


 
“Консерватория институтида (таҳририят: Ўзбекистон давлат консерваторияси институт эмас) таҳсил берувчи аёл Дилором Омонуллаева олийгоҳга кириш учун ҳужжат топшираётган, ёрдам сўраб келган ёш талантли талабаларга (таҳририят: олий ўқув юртига кирмаган киши талаба эмас, абитуриент бўлади) қўрс муомалада бўлиб, турткилаб, хонасидан ҳайдаяпти. Ёшларнинг юрагидаги санъатга бўлган меҳрини иштиёқини, алангасини сўндиряпти. Муҳтарам, ҳурматли собиқ Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаб айтганлар: Фарзандларимиз биздан кўра кучли ва билимли бўлиши зарур. Болаларим истаган олийгоҳида ўқишга, билим олишга ҳақли деб айтганлар. (таҳририят: буюклар айтган гапларни тўлиқ билмаса, ишлатмаган маъқул. Ислом Каримов “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, деб айтган). Бу аёл эса ёшларни кўксидан итариб, турткилаб, хўрлаб, бақириб ҳайдаяпти. Бунақа маданиятсиз, тарбиясиз, руҳан касал бўлган домлалар, устозлар талабага қай тарзда таълим бериши мумкин. Шахсан ўзим шу олийгоҳга ҳужжат топшираётганимда гувоҳи бўлдим, эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари, халқимиз ардоғидаги санъаткор йигит-қизлар шу олийгоҳга кираман, деб у аёлни олдига ёрдам сўраб кирса, менсимай оёқости қиляпти. Бу аёлда на виждон, на юрак бор экан. Олийгоҳга қабул қилмаймиз мусиқа мактабини ва мусиқа коллежини тугатмаган бўлса, деган қарор қаердан чиқди? Ҳатто, ректорнинг орқасидан менсимай гапирадиган домла – бу домлами? Инсон ўла ўлгунича таълим олади. Лекин бу разил аёлнинг қўлида таълим олгандан бир умр ўқимай ўтган афзал”.
 
Шаҳзода Муҳаммедова қолган гапларни сурат остига ёзади:
 
“Муҳатарам собиқ Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ва ҳозирги Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларни ўқишга, илм олишга тафаккурини, билимини ўсишига катта имкониятлар, кенг шароитлар яратганлар. Лекин ёшлар ўз юртида таҳсил ололмаяпти. Бу аёлга ўхшаган кибрли манқуртлар ўзбек ёшларини, истеъдод эгаларини институтдан ҳайдаяпти, ҳар йили ёшларни турткилаб, қалбини синдириб, имтиҳон вақтида руҳини синдириб, бақириб, менсимай, турткилаб муомала қилади. Бунақа инсонлар ёшларга билим беришга, меҳр беришга нолойиқ. Ишдан олинсин бу каби разил инсонлар. Келажак биз ёшларники. “Биз буюк юрт фарзандларимиз”. Ёшлар хоҳлаган олий таълим даргоҳларида ўқишга ҳақли”.
 
Эҳ, мамлакатимизда шундай “истеъдодли актриса”, шундай “соҳир овоз соҳиби” бўлган хонанда, шундай “жонкуяр телебошловчи” бор экан-у, биз билмай юрган эканмиз-да. Манқурт деб кимларга айтилади, Шаҳзода Муҳаммедова? Неча йил ўзбек санъатига умрини бахш этганларгами ёки замоннинг зайли, рекламанинг кучи билан тилга тушган, бора-бора босар-тусарини билмай қолган, пул, эътибор қутуртирганларгами? Келажак биз ёшларники, дейишдан олдин ўзингиз қайси йўлда эканингизни англаб олсангиз, тўғри бўларди. Агар келажак сиздайлар қўлида бўлса, уни тасаввур қилишга ҳам қўрқасан киши.
 
Дилором Омонуллаева нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда ҳурмат ва эътиборга эга бастакор, таниқли санъат арбоби, энг иқтидорлиларни тарбиялаб, маҳорат мактабини ярата олган ижодкор. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон, хонандалар Суғдиёна, Жаҳонгир Отажонов, Манзура Йўлдошева, Жасур Мирсагатов, Дилноза Исмияминова, Мадина Мумтоз, Умидахон айнан шу устознинг қўлида таълим олишган. Ҳа-ҳа, шу сиз айтган “разил” аёл сабаб улар орасидан кўплари жаҳон саҳналарига чиқишди.
 
Юқорида Дилором Омонуллаеванинг бир неча гимнлар муаллифи эканини айтган эдик. Ўз даврида хит қўшиқ сифатида эътироф этилиб, ўзбек эстрадасининг дунёга келиш палласидан то бугунгача тиллардан тилларга ўтиб келаётган кўплаб қўшиқлар ҳам айнан Дилором Омонуллаевага тегишли. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқованинг “Ёмғир”, “Мен сени ҳеч кимга бермайман” номли қўшиқларини келитиришнинг ўзи кифоя.
 
Дилором Омонуллаеванинг ўзбек эстрадаси ривожланишига қўшган ҳиссасини бугунги ёшларнинг кўплари, шу қаторда Шаҳзода Муҳаммедова ҳам билмаслиги унинг ёзганларидан кундек равшан бўлиб турибди. Тўғри, Омонуллаева иқтидорсиз ёшларнинг санъатга кириб келишига, санъатни тирикчилик майдонига айлантиришларига тиш-тирноғи билан қарши чиқади. Хўш, қайси соҳада бундайлар йўқ? Биз қачондан ҳалол, ўз касбини севадиган, уни бозорга айлантиришдан чўчийдиганларни разил инсон санайдиган ва ўз қарашларимизни бошқаларга сингдирадиган бўлдик. Ўйлаймизки, Шаҳзода Муҳаммедованинг бу хатти-ҳаракатларига тегишли давлат ташкилотлари жим қараб турмайди. Ҳар ҳолда Муҳаммедовадан кўра кўпроқ ўзбек санъатининг ривожига Омонуллаеванинг қўшган ҳиссаси катта.
 
Яна бир нарса: Шаҳзода Муҳаммедова ўз ёзганларида Дилором Омонуллаевани мамлакатдаги мавжуд тартиблар, Президентнинг айтганларига қарши чиқаётган киши сифатида тасвирлашга урингандек. Ҳолбуки, тўйларда бошловчилик қилиб юрган Муҳаммедованинг “Ўзбекконцерт” давлат муассаси томонидан концерт-томоша фаолиятини олиб бориши учун лицензияси ҳам йўқ. Хўш, аслида ким мавжуд тартибларни бузяпти? Сўнгги хулоса ўзингиздан. 

Теглар:Шаҳзода Муҳаммедова Дилором Омонуллаева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Исмоил
09:55 07.09.2017

Мен Шаҳзода Муҳаммедовани ҳам Дилором Омонуллаевани ҳам шахсан танимайман ва улар ўртасида бўлиб ўтган келишмовчиликни ҳам гувохи бўлмаганман, лекин юқоридаги мақоладан келиб чиққан холда шуни айтишим мумкинки, мақолани ёзганлар Дилором Омонуллаеванинг яқинлари бўлса керак. Мақолада холислик умуман йўқ, бир тарафлама ёзилган. Оммавий аҳборот воситалари ҳудди кўзгу каби бўлишлари лозим менимча. Агар икки томонлама суриштирув олиб борган ҳолда бор хақиқатни яширмай, оширмай ёзишганда ўқувчининг ўзи хулоса чиқариб олар эди. Бу мақолани ўқиган инсонда албатта Шаҳзода Муҳаммедовага нисбатан нафрат туйғуси уйғонади. Тахририятдагиларга маслахатим, ўқувчиларни кўзини шамғаламанг, "Қарс икки қўлдан чиқади" деган мақол бор.


Eva
23:24 23.08.2017

Men ham bir necha yil oldin aynan Davlat Konservatoriya insitutiga o'qishga kirish uchun Dilorim Omonullayevaning yonlariga maslahatga yani konsultatsiyaga ikkita kolledj kursdoshlarim bilan borgandik. Biz Respublika Estrada sirk kolledjini bitirganmiz. u ikki kursdoshim vokal yo'nalishidago diplom, men esa suhandonlik diplomi bilan borgan edim. ular bizdan o'sha paytda dollar kursini eslolmaymanu ammo so'mda 12 ming so'm so'radilar. bizga biroz og'irlik qildiyu ammo o'qishga kirish istagi balandroq keldi. bunisi ham mayliyu ular bizdan qaysi yo'nalishni tamomlaganimizni so'radilar. digonalarim vokal yo'nalishi deya javob berishdi. men esa suhandonlik dedim. huddi Shaxzoda aytib o'tgan muomlada meni jerkib berdilar. senda suhandonlik aktyorlik diplomi bo'ladigan bo'sa sizzi joyiz Teatralniy buyerda nima bor sizga deya javob berdilar. men qatiyat bilan meni eshtib ko'rasiz men Shu yerga kirmoqchiman deya javob berdim. shuni aytib o'tishim kerakki men tahsil olgan kolledjda qaysi fakultet o'quvchisi bo'lishingizdan qatiy nazar vokaldan bilim berilardi. ular meni ovozimni tinglaganlaridan keyin sal yumshaganday bo'ldilaru ammo baribir bizni dilimizni g'ash qilib chiqarib yubordilar. shundan so'ng menda oliygohga kirish istagi butunlay yo'qoldi. balkim bastakor sifatida buyuk insondurlar ammo inson sifatida afsuski buyuklikka yetishlariga ancha bor. Shaxzoda balkim achchiqroq qilib gapirgandir ammo Haqiqat shunaqa achchiq bo'ladi. men 100% Shaxzodani gapiga ishonaman.


Mansur
13:06 31.07.2017

....бу холатда, Шахзода уз хохишидаги ишини, Дилором Омонуллаева давлат давлат ва санъант талабаини ва "Калампир" хам, "Учбурчак" уз ишини бажаришмокда. Хаммага имкон берилади, факат натижа уз эгасини кимлигини айтади.


Mas'ud
15:57 16.07.2017

Avvalombor shu maqolani yozayotgan muallif birinchi o'zini tartibga keltirib olsin .tarafkashlik qilmasdan holis yondashsin.shundoq bilinib turibdi shaxzodaga munosabati yomonligi.u paytda siz ham biz ham bo'lmaganmiz. Yoshi katta prafessorlarda ayb yo'q deysizmi kezi kelganda yosh bolani aqli yetgan joylarga kottalarni aqli yetmidi


Uktambek
19:03 12.07.2017

Узбекистон Республикаси маданияти ва санъатига жуда куп мехнати синган инсонни хакорат килишга ,унга тухмат килишга хали она сути огзидан кетмаган,узини бемаъни фильмлардаги бачкана роллари билан узини "юлдуз" санаётган тарбиясиз ва хаёсиз Шахзодани(асли исмини билмайман) нима хакки бор? Нима шахар бедарвозами?Маданият вазири ва уни уринбосарлари каёкка караяпти?Агар бу олифта хаёсизга вактида чора курилмаса эртага шу нусхага ухшаган бошка бир "юлдузча"бошка бир обрули, халол,хурматли маданият ходимини бемалол хакорат килиб чикиши мумкин.Узбекистон Маданият вазирлиг рахбарларини Ш.Мухаммедовадан тиллари кисик жойлари булмаса бу бетамизга нисбатан зудлик билан катъий ЧОРА куришлари керак!!!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!