Хонанда бундан бир неча йил илгари яқин дугонаси Лола Йўлдошеванинг отаси Равшан Йўлдошевга турмушга чиққан эди. Айни дамда уларнинг икки нафар фарзандлари бор.
Шаҳзода... У ўзбек шоу-бизнесида ўз ўрнига, мавқеига, мухлисига эга хонандалардан. Унинг овози ҳамин қадар, балки ижодида тарихда қоладиган қўшиқ ҳам топилмас, балки яна 10 йилдан кейин у буткул унут бўлар. Бироқ Шаҳзода ижоди билан бугунги ёшларнинг назарига тушган. Айтажак сўзи, қўшиқларида демоқчи бўлганлари талайгина.
Ўтган йил хонанданинг ижодига 15 йил тўлди. 2016 йилдаги концерт дастурида Шаҳзоданинг 15 йиллик ижоди ва 38 йиллик умрини акс эттирган видео намойиш этилган эди. Унда хонанданинг болалик йиллари, ота-онаси ҳақидаги хотиралари, санъатга кириб келиши билан боғлиқ ўйлар, оила, фарзанд, дўстлар ва дугоналар, душманлар, йўлида учраган турли кимсаларга ташаккурлари айтилган.
Шаҳзода ижодининг етти йилини телевидение, радио ва оммавий ахборот воситаларидан йироқда ўтказди. Шундай бўлса-да ижодини тўхтатмади. Чекловларни ёриб ўтишга уринди ва кўзлаган мақсадига етди. Бундай синовлардан даврида ҳар қандай киши атрофидагиларни яқиндан таниши, ким дўст, ким душман, ким шунчаки таниш-билиш эканини англайди, ниқоб ечилганда асл юзларни танийди. Шаҳзодага ҳам бу ҳол бегона эмас. Видеоларда айнан шулар тавсирланган.
Биринчи ва иккинчи видеода “Мен бахтлиманми?”, деган савол ўртага ташланади. Унда Шаҳзоданинг умри давомида кўрган-кечирганлари акс этади. Санъат, дўстлик, оила...
Хонанда бундан бир неча йил илгари яқин дугонаси Лола Йўлдошеванинг отаси Равшан Йўлдошевга турмушга чиққан эди. Айни дамда уларнинг икки нафар фарзандлари бор. У учинчи видеода ҳар қандай вақтда унинг қўлларини тутган вафодори борлигига ишора қилади. Тўғри, Шаҳзоданинг бугунги бахтли ҳаёти бунёд бўлиши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Дўстларнинг юз ўгириши, Лола билан муносабатларга дарз кетиши... Хуллас Шаҳзода бугунги кунларга осонликча етиб келмагани, ҳаётида кўп машаққатлар ўтгани айтилган.
Видеода Шаҳзоданинг бир аёл, бир санъаткор, бир она сифатида ўзини бахтли ҳис эта олгани, санъаткор бўлиб дунё кезгани, аёллик бахтини туйгани, она бўлиб фарзанд кўргани тасвирланган.
Бир сўз билан айтганда, хонанданинг дилидаги гаплар видеода ҳам акс этган. У сўнгги сўз ўрнида “Мен бахтлиман”, дейди.