МикроГЭСлардан олинаётган электр энергия шаҳарнинг Каштанзор кўчаси, “Марғилонсой” тўйхонаси ва “Ҳамкорбанк” ҳудудларини ёритишда ишлатилмоқда.
Фарғона механика заводининг умумий майдони 36,1 гектар, шундан ишлаб чиқариш майдони 9,9 гектар. Ҳозирги кунда корхонада 36 турдаги саноат маҳсулоти ва 31 турдаги халқ истеъмоли товари ишлаб чиқарилмоқда, 330 ишчи меҳнат қилмоқда.
Корхонанинг бўш турган бино ва иншоотларини тадбиркорларга имтиёзли шартларда бериш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида бу ерда кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.
Саноат зонасида йилига 300 тонна антифриз, 200 тонна ойна ювиш суюқлиги, 10 минг дона тормоз колодкаси ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Қиймати 38,5 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳани 2018 йилнинг учинчи чорагида тўлиқ ишга тушириш мўлжалланмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 45 фоизи экспортга йўналтирилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 200 иш ўрни яратилади. Бозор талабларидан келиб чиқиб, келгусида қўшимча иш ўринлари ташкил этилади.
Фарғона шаҳридаги “Мадад” масъулияти чекланган жамияти томонидан суюлтирилган газ учун цистерналар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишга мўлжалланган тиркамалар ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Лойиҳа қиймати 40 миллиард сўм бўлиб, 30 миллиард сўми “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банки кредити, қолгани корхонанинг ўз маблағидир.
100 иш ўрни ташкил этиладиган корхона 2018 йилда ишга туширилади. 2020 йилда бу ерда экспорт ҳажми бир йилда 1,5 миллион долларга етказиш мўлжалланган.
Давлат раҳбари мазкур корхона маҳсулотларини кўздан кечирди. Суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб берувчи мослама ва тиркамаларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотларни ташқи бозорга йўналтириш зарурлигини таъкидлади.
Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари жадал ривожланиши натижасида энергияга бўлган талаб ортиб бормоқда. Фарғона политехника институти вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда МикроГЭС илмий-ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳасини таклиф этмоқда.
МикроГЭС халқаро таснифга асосан қуввати 0,1 кВтдан 100 кВтгача бўлган гидроэнергетик қурилма бўлиб, у асосан гидротурбина, тасмали ва редукторли узатмалар ҳамда асинхрон генератордан иборат. МикроГЭС экологик тозалиги, оддийлиги, арзонлиги, технологик жиҳатдан тайёрлаш ва эксплуатация қилиш осонлиги билан ажралиб туради. Лойиҳада микроГЭСлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш, Фарғона политехника институтида гидроэнергетика соҳаси мутахассисларини тайёрлаш кўзда тутилган.
МикроГЭСнинг қуввати 50 кВт бўлган 2 тажриба нусхаси институт олимлари томонидан “Фарғонаазот” ОАЖ ва Марғилон трактор таъмирлаш корхонаси билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридан ўтувчи Марғилонсойга қўйилиб, тажриба-синовдан ўтмоқда. МикроГЭСлардан олинаётган электр энергия шаҳарнинг Каштанзор кўчаси, “Марғилонсой” тўйхонаси ва “Ҳамкорбанк” ҳудудларини ёритишда ишлатилмоқда.
Фарғона вилояти сув хўжалиги мутахассислари билан биргаликда вилоят ҳудудидан ўтувчи сой ва каналларнинг гидрологик таснифлари ўрганилиб, дастлабки босқичда 230 жойда қуввати 50 кВтлик микроГЭСлар ўрнатиш режалаштирилган. Режа амалга ошгач, бир йилда ушбу микроГЭСлардан олинган қувват вилоятда сарфланаётган электр энергиянинг 2 фоизини ташкил этади. Бу йилига 17 миллиард сўмлик электр энергия тежалади, деганидир.
Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳа илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш борасида олиб борилаётган изланишларнинг яққол намунаси эканини таъкидлаб, микроГЭСларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бошқа ҳудудларга ҳам изчил жорий этиш бўйича тавсиялар берди.
Шу ерда Фарғона шаҳридаги “Осиё олмос файз” корхонасининг лок-бўёқ, темир ва бетон кесиш мосламаларини тайёрлаш, “Turon mega fayz” жамиятининг гипсокартон, ПВХ гранулалар, ПВХ плёнка ва пластмасса буюмлар, “Uzsalaman” қўшма корхонасининг эркаклар, аёллар ва болалар пойабзаллари, “Big Bilding Capital Group” корхонасининг саноат чангини ушлаб қолувчи фильтр материаллари, иссиқхона каркас қисмлари ишлаб чиқариш лойиҳалари, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни томонидан 2017-2018 йилларда вилоятда фармацевтика саноатини ривожлантириш манзилли дастури тақдимотлари ўтказилди.
Президент барча лойиҳалар бўйича фикрларини билдириб, уларни янада такомиллаштириш, амалга ошириш жараёнларини тезлаштириш, иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.