Юқори технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришдан томонлар манфаатдорлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алишер Агзамхўжаев (қароргоҳи Анқара шаҳрида) Болгария Республикаси Президенти Румен Радевга ишонч ёрлиқларини топширди.
Болгария Президенти Маъмурияти биносидаги тантанали маросимдан кейин суҳбат бўлиб ўтди. Болгария раҳбари икки томонлама муносабатлар ҳолатини юқори баҳолар экан, ҳамкорликни кенгайтириш учун мавжуд салоҳиятга эътибор қаратди.
Президент ишонч билдиришича, сўнгги икки йилда кузатилаётган Болгария-Ўзбекистон алоқаларининг фаоллашуви мамлакатларимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Икки давлат раҳбарларининг ўтган йили Ню-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида эришилган келишувларни амалга оширишдан, жумладан қишлоқ хўжалиги, олий таълим ва юқори технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришдан томонлар манфаатдорлиги таъкидланди, деб ёзмоқда ТИВ.
Ўзбекистон Болгариянинг минтақадаги дўсти, ишончли ва истиқболли ҳамкори эканлигини Болгария Президенти қайд этди, шунингдек, Болгария-Ўзбекистон муносабатларини томонларни қизиқтирган барча йўналишларда сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга мамлакати тайёр эканлигини билдирди.
Президент Румен Радев Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қутлов ва ўзининг чуқур эҳтиромини изҳор этди ва Болгария томони келгуси 2019 йилда Ўзбекистон раҳбарининг Болгарияга ташрифини ташкил этишни режалаштираётганини тасдиқлади.