Бу ерда маҳалла раиси, котиби ва маслаҳатчиси, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд.
Орзу маҳалласида Биринчи Президентнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича 2014-2016 йилларда намунали лойиҳалар асосида 708 уй-жой, маҳалланинг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 6 минг 300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада оталар чойхонаси, савдо шохобчалари, мини футбол майдони, болажонлар учун турли аттракционлар ишлаб турибди.
Бу ерда маҳалла раиси, котиби ва маслаҳатчиси, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд. Кутубхона замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, зарур адабиётлар билан таъминланган. Жорий йилда маҳалла биноси ёнида профилактика инспектори учун хизмат уйи қурилди.
Давлат раҳбари “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори хизмат хонасида ўрнатилган компьютер орқали Хоразм вилояти Хива тумани ички ишлар бўлими ходимлари билан видеомулоқот қилди.
"Профилактика инспекторлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш, содир этилган ҳар бир жиноятни таҳлил қилиш, жиноятчиликни профессионал даражада аниқлаш лозим. Профилактика инспекторлари хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар асосида машиналар билан таъминланаётгани улар маҳалланинг ҳар бир хонадони билан самарали ишлашида муҳим аҳамият касб этмоқда", деди Шавкат Мирзиёев.