Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда.
Давлат раҳбари шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ҳам ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Президентимиз таклифи билан 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Халқни эшитиш, аҳолининг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шу мақсадда 2016 йил 28 декабрда Президентимизнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармонга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасида ҳам фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишига оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш учун барча қулайлик яратилган.
Қабулхонага кираверишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган сўзлари битилган. Муассаса фаолияти ана шу мезон асосида йўлга қўйилган. Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Ходимлар, ёш болали оналар, ногиронлар ва фуқаролар учун барча жиҳатлар эътиборга олинган.
Тошкент шаҳрида аҳоли кўплигини инобатга олиб, бу ерда соҳавий бўлимлар ташкил этилган. Ушбу қабулхона Амир Темур кўчаси, 14-уйда жойлашган.
Давлатимиз раҳбари Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишар экан, унинг ташкилий жиҳатларига юқори баҳо берди. Энди уни мазмунан бойитиш, ички маданиятини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Тошкент шаҳрининг салоҳияти ҳам, аҳоли сони, одамларнинг талаби ҳам бошқа жойлардагидан юқори. Ишни шунга мувофиқ ташкил этиш керак. Бу маскан халқ манфаатларини таъминлайдиган, ишончини қозонадиган даргоҳ, адолат замини бўлсин, деди давлатимиз раҳбари.