МАК 1992 йилнинг 28 январида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фармони билан ташкил этилган эди.
Қадрли дўстлар!
Сизларни қутлуғ сана – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ташкил этилганининг 25 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Мамлакатимиз фуқаро авиацияси бизнинг мустақил давлатимиз билан биргаликда изчил шаклланди ва ривожланди. Ўтган чорак аср давомида пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида мазкур тармоқни тараққий эттириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Бугунги кунда Миллий авиакомпаниямиз Ўзбекистонни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, кўплаб хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Компания кўп миллатли жамоасининг юксак касб маҳорати нуфузли халқаро авиация ташкилотлари томонидан бир неча бор эътироф этилди. Авиация хавфсизлигини таъминлаш, парвозларни сифатли амалга ошириш, авиация фаолиятининг барча соҳаларида, жумладан, авиация техникасига хизмат кўрсатишда энг илғор технологияларни кенг қўллаш борасида юксак натижаларга эришилди.
Ҳозирги вақтда замонавий ҳаво кемалари, хусусан, Боинг-787 (Dreamliner) самолётлари билан таъминланган Миллий авиакомпания халқаро авиаташувлар тизимида муносиб ўрин эгаллайди. “Ўзбекистон” ёзуви туширилган авиалайнерлар жадал ривожланиб бораётган мамлакатимизнинг ёрқин рамзи сифатида дунёнинг кўпгина минтақалари ҳаво маконини забт этиб, йигирмадан ортиқ давлатга парвозларни амалга оширмоқда. 2016 йилда авиакомпаниямиз самолётлари томонидан 2 миллион 500 минг йўловчи ва 43 минг тонна юк тегишли манзилларга етказилди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳар йили 90 мингдан зиёд транзит парвозларни бошқариб, 300 дан ортиқ хорижий авиакомпания самолётларига аэронавигация хизмати кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган, энг замонавий талабларга жавоб берадиган Авиация техникасига техник хизмат кўрсатиш маркази хизматларидан фойдаланмоқда. Боинг-787 самолётлари учун Композиция материалларидан тайёрланган маҳсулотларни таъмирлаш маркази компания фаолиятида кенг истиқболлар очди.
Мамлакатимизнинг жаҳон стандартлари даражасида модернизация қилинган барча ўн битта аэропортига “халқаро аэропорт” мақоми берилди. Минтақамиздаги энг йирик ва юкларни манзилга етказиб бериш бўйича юқори технологияларга асосланган комплекслардан бири – Навоий шаҳридаги Халқаро интермодал логистика маркази Евроосиёнинг асосий логистика марказлари билан ҳаво қатновлари орқали боғланган. Юкларни ҳаво йўллари орқали ташиш тармоғи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Халқимиз Ўзбекистон ҳаво флоти ходимлари – учувчи ва муҳандислар, авиатехник ва борт кузатувчилари, ердан туриб парвозлар хавфсизлигини таъминлайдиган барча хизматлар диспетчер ва мутахассисларининг фидокорона ва сидқидилдан қилаётган меҳнатини юксак қадрлайди.
Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни яхши тушунамиз, бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замон бизнинг олдимизга янги ва янада қатъий талаблар қўймоқда. Олдимизда ҳали қиладиган ишимиз кўп, биринчи навбатда, авиакомпаниямиз рақобатдошлигини янада ошириш – энг муҳим вазифамиздир.
Ишончим комил, сизлар ўтган даврда қўлга киритилган ютуқларни танқидий ёндашув асосида баҳолаб, ўзингизнинг бор билим ва тажрибангиз, бутун салоҳиятингизни ишга солиб, янада юксак масъулият ва фидоийлик билан меҳнат қиласиз.
Азиз дўстлар!
Сизларни Миллий авиакомпаниямиз ташкил топганининг 25 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Сизларга бахту саодат, мустаҳкам соғлик, олижаноб фаолиятингизда юксак парвозлар ва янги-янги ютуқлар тилайман.