Линдси Лохан: “Орзум ушалди: Президент Эрдўған ва мамлакатнинг биринчи хоними мени ўз уйларига таклиф қилишди”.
Президент комплексида ўтказилган учрашувда Туркия раҳбарининг турмуш ўртоғи Эмине Эрдўған, шунингдек, Алеппода яшовчи 7 ёшли қизалоқ Бана ал-Абед ва унинг онаси иштирок этди.
Матбуот учун ёпиқ тарзда ташкил этилган учрашувда Линдси Лохан миллионлаб суриялик қочоқларга ёрдам кўрсатаётган Туркия давлатига юқори баҳо берди.
Актриса ўзининг Instagram’даги саҳифаси орқали Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рафиқаси билан тушган суратини жойлаб, “Орзум ушалди: Президент Эрдўған ва мамлакатнинг биринчи хоними мени ўз уйларига таклиф қилишди. Уларнинг суриялик қочоқларга кўрсатаётган ёрдами ҳақиқатан олий даражада”, деб изоҳ қолдирди.
Линдси Лоханнинг Туркияга келишидан мақсади кўнгилли инсон сифатида суриялик қочоқлар лагерига ташриф буюриш эди.
Январь ойи ўртасида актриса ўзининг Instagram’даги саҳифасига жойлаган аввалги фотосуратларини ўчириб ташлагани ҳақида хабар берган эдик. Бундан ташқари, кириш сўзи сифатида “Алейкум салам” деб ёзиб қолдирган эди. Ўшанда мухлислар уни Ислом динини қабул қилганлигини тахмин қилишганди. Ҳозирча актриса бу ҳақда аниқ изоҳ бермаган.
Линдси Лохан “Ота-она учун тузоқ”, “Ғайритабиий жума”, “Ақл бовар қилмас пойга”, “Омад бўсаси” каби кинокартиналар орқали мухлисларга яхши таниш.