...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, эҳсон маросимида иштирок этди


17:05, 30.01.2017 Жамият
 7 639

30 январь куни пойтахт Тошкентда, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда эҳсон берилди. Самарқанд ва Тошкентдаги маросимларда Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Давлат раҳбари Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
 
Самарқанд дунёга машҳур, кўпчилик бир кўришни орзу қиладиган Регистон, Бибихоним, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари қаторида бугун Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов мангу қўним топган маскан сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
 
Зиёратчилар қадами узилмайдиган бу жой бугун табаррук масканга айланган. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келаётган юртдошларимиз Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, у кишининг Ватан, халқ олдидаги эзгу ишларини эсга олмоқда.
 
Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Самарқанд вилояти ҳар томонлама обод қилиниб, бутун жаҳондан келадиган меҳмон ва сайёҳларнинг ҳавасини тортмоқда. Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бундай муқаддас қадамжоларнинг янада обод бўлгани кўпгина мусулмон мамлакатлари давлат арбоблари ва жамоатчилиги, минглаб зиёратчиларнинг юксак эътибори ва ҳурматига сазовор бўлмоқда.
 
Бу хайрли ишлар бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тизимли равишда давом этирилмоқда.
 
Шу маънода давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимиз кўнглидаги ниятнинг ёрқин ифодаси бўлди. Қарорда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номини абадийлаштириш мақсадида юртимизнинг бир қанча диққатга сазовор жойларига Буюк Йўлбошчимизнинг номини бериш, Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида у кишининг ҳайкалини ўрнатиш белгилаб қўйилган. 30 январь Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан мамлакатимиздаги таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилаётир.
 
Бу тадбирларда Ислом Каримовнинг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдиргани, нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилгани эътироф этилмоқда.
 
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуди санаси – 30 январь куни пойтахтимиз Тошкентда, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда эҳсон берилди. Самарқанд ва Тошкентдаги маросимларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Теглар:Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов хотираси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар