Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбарасида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди
Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Шавкат Мирзиёев Ислом Абдуғаниевич Каримов қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилиниб ўтганлар хотираси ёд этилди.
Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Маълумки, ушбу мажмуада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жуда катта ҳажмдаги қурилиш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Давлат раҳбарининг кўрсатмалари асосида мажмуа лойиҳаси такомиллаштирилиб, мақбара гранит ва мармар билан қопланди. Мақбара пештоқи ва унга туташ айвон миллий нақшлар асосида безатилиб, унга Қуръони Карим оятлари билан бирга Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари битилди.
Президент мажмуада олиб борилаётган ишларни мантиқий якунига етказиш, зиёратчиларга тегишли шароитлар яратиш, унга ёндош қабристонни обод қилиш бўйича ўз тавсияларини берди.