Ўғузхон саройида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка музокараси бўлди.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида хорижий давлатга илк ташрифидир. Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишини баён этган. Ўзбекистон раҳбарининг мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини яққол тасдиқлади.
Халқимиз туркман халқи билан ҳам азалдан ёнма-ён, аҳил-иноқ яшаб келган, бир дарёдан сув ичган. Савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган.
Бу яқинлик мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлмоқда. Ўзбекистон – Туркманистон алоқалари 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома асосида изчил тараққий этмоқда.
Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада эканидан далолатдир. Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг бу галги учрашуви Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президент Ислом Каримов асос солган ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ашхободнинг Мустақиллик майдонида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. Икки давлат мадҳиялари янгради, деб ёзади ЎзА.
Ўғузхон саройида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка музокараси бўлди. Унда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Президенти этиб қайта сайлангани муносабати билан самимий табриклади. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик қарор топганини, бу ташриф изчил ривожланиб келаётган ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади.
Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Туркманистонга келгани учун миннатдорлик билдириб, бу тарихий воқеа мамлакатлар ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш ва алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Мамлакатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги мақсад ва ёндашувлари муштараклиги, томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Туркманистоннинг ташқи сиёсати бетарафлик, тинчликсеварлик, яхши қўшничилик тамойилларига қурилган.
Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам изчил ҳамкорлик қилинмоқда.
Мамлакатларнинг қўшни Афғонистонда фақат сиёсий йўл билан барқарорлик ўрнатилиши борасидаги фикри ҳам муштарак эканлиги тасдиқланди. Терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт-импорт номенклатурасини кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ва турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан Ўзбекистонга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади.
Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, уни кенгайтириш учун иқтисодиёт тармоқларидаги имкониятларни яна бир бор таҳлил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳукуматлараро тадбирлар, ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувлар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 2016 йилнинг сентябрь ва шу йил январь ойларида Тошкентда Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишлари бўлиб ўтди.
Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга, Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юк ташилади. Мамлакатларнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббусининг амалий ифодаси бўлган Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича 2011 йили имзоланган битим геостратегик аҳамиятга эгадир. Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташрифи доирасида очиладиган Амударё устида қурилган автомобиль ва темир йўл кўприклари мазкур транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам углеводород ресурсларига бой. Уларни экспорт қилиш ўзаро мувофиқ ҳаракат қилишни талаб этади. Ана шундай яқин ҳамкорлик мамлакатлар учун энергетика йўналишларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларига чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда. 2009 йилда ишга тушган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой газ қувури бунинг ёрқин мисолидир.
Музокарада ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.
Трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Икки мамлакат маданият ва санъат намояндалари, спортчилари Ўзбекистон ва Туркманистонда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва кўргазмалар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда. 2016 йил сентябрда Туркманистонда ўзбек киноси кунлари, ноябрда Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилди.
Мамлакатлар сайёҳлик соҳасида ҳам улкан имкониятларга эга. “Буюк ипак йўли” лойиҳаси доирасида ўзаро боғланган саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам юксалмоқда. Икки мамлакат олимлари қишлоқ хўжалиги, нефть кимёси ва бошқа соҳаларда биргаликда изланишлар олиб бормоқда.