Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президентига ўзи учун қулай бўлган вақтда Ўзбекистон Республикасида Давлат ташрифи билан бўлишни таклиф қилди.
Ташриф давомида Президентларнинг яккама-якка суҳбати ва икки мамлакат делегацияларининг музокаралари ўтказилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида 2018-2020 йилларда иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид меморандум, 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури, 2017-2018 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва кимё маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро вилояти билан Лебап вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.
Ўзбекистон ва Туркманистон икки давлат халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, қардошлик ва ҳамкорликни сақлаш ва мустаҳкамлашда ўзларининг тарихий маъсулиятини англаган ҳолда, маданият, илм-фан, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашга содиқ эканликларини тасдиқладилар. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида маданий-гуманитар соҳада 2014-2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастурини амалга ошириш натижалари ижобий баҳоланди ҳамда 2017-2019 йилларга мўлжалланган тегишли дастурни имзолаш топширилди.
Томонлар бундан буён ҳам икки давлат ҳудудида истиқомат қилувчи ўзбек ва туркман диаспоралари учун она тили, миллий маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантириш масалаларида қулай шароитлар яратиб берадилар, ўз давлати ҳудудидаги бошқа Томон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича барча зарурий чора-тадбирларни амалга оширадилар.
Давлат раҳбарлари бўлиб ўтган самарали музокаралар, шунингдек ташриф давомида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида тенглик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган анъанавий дўстона ва аҳил қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга ва барча туркман халқига ўзбек делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Туркманистон Президентига ўзи учун қулай бўлган вақтда Ўзбекистон Республикасида Давлат ташрифи билан бўлишни таклиф қилди. Ташриф муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.