Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Республикаси Президенти Ашраф Ғанига таъзия мактабини йўллади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ва биродар Афғонистон халқига Қобул шаҳрида юз берган мудҳиш террорчилик хуружи оқибатида кўплаб бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлгани ва оғир жароҳат олгани муносабати билан таъзия билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида юз берган мудҳиш террорчилик хуружи оқибатида кўплаб бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлгани ва оғир жароҳат олгани тўғрисидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди.
Ушбу мусибатли дамларда Сиз Жаноби Олийлари ва биродар Афғонистон халқига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳалок бўлганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик туйғуларимизни етказиб қўйишингизни сўраймиз”, дейилади Шавкат Мирзиёевнинг таъзия мактубида.