Вазирнинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишнинг намунаси бўлди.
Икки давлат раҳбарларининг доимий алоқада бўлиши ва учрашуви, шу жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойидаги АҚШга ташрифи ўзбек-америка муносабтларини янада юқори даражага олиб чиқгани ва ўзаро ҳамкорликда янги давр очилгани таъкидланган.
АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётганининг исботи бўлди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қарши олиб, ўзаро савдони ривожлантириш, америка компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари, илғор технология ва бой тажрибасини қўллаб, иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларида турли лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлаган. Шунингдек, банк-молия соҳасида ҳам ҳамкорлик қилиш мумкинлигини қайд этган.
Учрашув давомида савдо, саноат, юқори технологиялар, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт соҳасида аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.
Америка компаниялари Ўзбекистон бозорларида кенг фаолият олиб бориши учун қулай шароитларни яратишга катта эътибор қаратилган.
Марказий Осиё минтақасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилган.
АҚШ савдо вазири самимий қабул учун миннатдорлик билдирган. Шавкат Мирзиёевга АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий ва энг эзгу тилакларини етказган.
Росс Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаган ва ислоҳотлар америка тадбиркорларини Ўзбекистонга кириб келишга ундаётганини таъкидлаган.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш учун барча чоралар кўрилишига тайёр экани билдирилган.