...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев: “Ўзбекистон Хитой билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор”


23:21, 02.01.2017 Жамият
 2 643

Ўзбекистон раҳбари ҳам ХХР Президентининг самимий табригига жавоб мактубини йўллади. Президент мактуби аввалида ҳамкасбини ҳамда бутун Хитой халқини самимий табриклади.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар, дўстлик узоқ тарихга бориб тақалади. Азалдан ота-болаларимиз Хитой ўлкаси билан савдо, маданият, санъат соҳасида дўстона алоқаларни йўлга қўйиб келишган.
 
Аввалроқ, Хитой Халқ Республикаси Президенти Си Цзиньпин Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик алоқалар йўлга қўйилганига 25 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга табрик хатини йўллагани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ўзбекистон раҳбари ҳам ХХР Президентининг самимий табригига жавоб мактубини йўллади. Президент мактуби аввалида ҳамкасбини ҳамда бутун Хитой халқини самимий табриклаган.
 
“Ўзбекистон ва Хитой алоқалари кўп асрлик тарихга эга бўлиб, Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Халқларимиз ўртасида азал-азалдан барқарор савдо-сотиқ, илм-фан ва гуманитар алоқалар йўлга қўйилгани, маданиятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бир-бирини бойитгани ҳақидаги кўплаб ёрқин мисоллар тарих саҳифаларига муҳрланган.
 
Изчил ва муттасил ривожланиб бораётган, жаҳонда улкан нуфуз ва таъсирга эга Хитой Ўзбекистоннинг яқин ва ишончли ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкам анъанавий дўстлик, ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида мунтазам ривожланиб бормоқда. 

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари бугунги кунда аввало Сизнинг шахсий ташаббусингиз туфайли том маънода ҳар томонлама чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли мазмун касб этган ҳамкорликка айланди. Томонларнинг изчил ва қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорлик шаклланди, давлатлараро ва ҳукуматлараро ташрифлар мунтазамлик касб этди. 

Биз Сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилаётган ва чуқур ўйланган, вазмин ташқи сиёсат йўли, ягона Хитой сиёсати, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашиш борасидаги тадбирларни доимо қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти сўзида давом этар экан, Хитойнинг дунёда, хусусан халқаро ташкилотлар фаолиятида тутган ўрнига ҳам тўхталди:

“Ўзбекистон БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар доирасида Хитой билан бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор.
 
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилган бўлиб, унинг энг муҳим асоси бўлган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро алоқаларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Сизнинг 2016 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифингизни, унинг доирасида тарихий аҳамиятга эга Қўшма баёнот имзоланганини ҳамиша катта мамнуният билан эслаймиз. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқди.
 
Савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқлар алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш борасидаги энг муҳим дастурларни Хитой изчил қўллаб-қувватлаётганини юксак қадрлаймиз. Хитой кўмаги ва иштирокида саноат, энергетика, транспорт, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда кенг миқёсли юқори технологик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. 

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки фаолият бошлагани иқтисодий ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар очмоқда”. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мактуби сўнггида Президент Си Цзиньпин билан учрашув ўтказиш ниятида эканини ҳам маълум қилди.

“Яқин келажакда бўладиган олий даражадаги учрашув Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг ҳар томонлама ривожига янада жадал суръат бағишлашига, ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг барча масалалари бўйича мулоқотларимизни давом эттириш учун қулай имконият бўлади, деб ишонаман.
 
Фурсатдан фойдаланиб, Сизни, муҳтарам Си Цзиньпин жаноблари, оила аъзоларингиз ва яқинларингизни чин қалбимдан Янги йил билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятингизга зафарлар, дўст Хитой халқига фаровонлик ва тараққиёт тилайман”, деб ёзади Ўзбекистон раҳбари. 

Теглар:Ўзбекистон-Хитой 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар