...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев: “Кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг “локомотиви” бўлиши керак”


18:57, 12.09.2018 Жамият
 2 854

Пахта-тўқимачилик кластерларига берилган барча имтиёзлар кейинги йилларда ташкил этиладиган кластерларга ҳам татбиқ этилади.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни тўлиқ бажариш, 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришишга бағишланган йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Мазкур йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Жорий йилда 20 та туманда 164 минг гектар майдонда кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилган ва бу тажриба ўз самарасини бера бошлаган.
 
Ўзини оқлаётган бу тизимни янада кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқариш қувватлари ва молиявий имконияти мавжуд бўлган 44 та ташаббускор танлаб олинди. 2019 йилда 61 та кластер томонидан жами пахта майдонларининг 51 фоизида пахта етиштириш режалаштирилмоқда.
 
Келгусида пахта етиштирувчи 133 та тумандан 70 таси тўлиқ кластер тизимига ўтади. Янги ташкил этилаётган кластерлар томонидан 41 та корхона ташкил этилиб, 23 мингга яқин иш ўрни яратилади.
 
Янги қувватларни ташкил этиш ва кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш натижасида, 2019 йилда ишлаб чиқарилаётган пахта толасининг 78 фоизи Ўзбекистонда қайта ишланади. Бу 2017 йилга нисбатан 2 маротаба кўп дегани. 2020 йилга бориб, пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга ўтилади. Тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш улуши 40 фоиздан камида 60 фоизга етказилади.
 
“Шунинг учун кластерлар фаолиятига ҳар томонлама ёрдам беришимиз зарур. Пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқ. Кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг “локомотиви” бўлиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерларига берилган барча имтиёзларни кейинги йилларда ташкил этиладиган кластерларга ҳам татбиқ этиш, кластерлар фаолиятини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. 
 
2019-2023 йилларда қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш тизимини босқичма-босқич жорий этиш дастурини ишлаб чиқиш, соҳага халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитларини жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар