Севара кўп куйламайди, яъни ҳар ойда қўшиқ чиқармайди, тўй учун, рақсбоп тароналар ортидан қувмайди. У кўнгил қўшиқларини яратади. Юрак учун куйлайди. Ўзи истаганини, ёққанини ва етказиб бера олишига кўзи етганини ижро этади.
Севара Назархон саҳнада куйлаганда, шунчаки томоша қилишнинг имкони йўқ. У куйлаётган қўшиғи билан энг самимий ҳиссиётларни баҳш этади. Уни эшитиб куласиз, йиғлайсиз, рақсга тушасиз, хаёл уммонига ғарқ бўласиз. “Улуғимсан, Ватаним” қўшиғидан шу ҳисларни топмаган ўзбекистонлик борми?
Яқинда яна бир бор оналик бахтига муяссар бўлган Севара Назархон Россия шоу-бизнесида ҳам самарали меҳнат қилди. Бир қатор йирик лойиҳаларда иширок этиб, Ўзбекистон номини дунёга танитишга ўз ҳиссасини қўшди.
Севара Назархон профессионал хонанда сифатидаги фаолиятини бошлаши ўтган асрнинг сўнгги йилларига бориб тақалади. Унинг илк қўшиқлари “Тоҳир ва Зуҳра” фильмида жаранг сочган эди. Ўшандан буён катта саҳнада меҳнат қилиб келаётган Назархон 2003 йил Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлади.
Севара талабалик даврларидаёқ тилга тушиб бўлган эди. Айниқса, 2000 йил унга омадли келган. Хонанда ўша йили Питер Габриэль билан танишди ва Лондондаги машҳур овоз ёзиш студияларидан бирида альбом чиқариш бахтига эришди. Шу йилнинг ўзида “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланди. Бир неча бор Англияда концерт берди, ўзбек этник мусиқасини дунёга танитди.
Севара Назархоннинг мусиқа санъатида олиб борган фаолияти ҳукуматимиз томонидан эътиборга олиниб, 2002 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фармони билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони топширилди.
Севара кўп куйламайди, яъни ҳар ойда қўшиқ чиқармайди, тўй учун, рақсбоп тароналар ортидан қувмайди. У кўнгил қўшиқларини яратади. Юрак учун куйлайди. Ўзи истаганини, ёққанини ва етказиб бера олишига кўзи етганини ижро этади. Миллий мақомлар бўладими ёки эстрада қўшиқлари, хуллас, Севаранинг ижросида ўзгача кўриниш касб этади. Шу сабаб унинг мухлислари ҳам сараланган. У кенг аудиторияга эмас, мусиқани тушунадиган ва ҳурмат қиладиганлар учун ижод қилади.
Катта истеъдод соҳибаси Севара Назархон бугун, 23 декабрь куни 40 ёшни қаршилади. У умрнинг энг гуллаган, кучга тўлган даврида турибди. Мухлислари эса хонандадан янги ижод намуналари кутади.
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархонни таваллуд айёми билан муборакбод этамиз.