“Сўнгги пайтларда ўйин сифати устида ишладик. Бугун майдонда энг яхши ўйинимизни намойиш қиламиз! Рақибнинг сўнгги ўйинларини кузатдик. Ўйин сифати анча кучайганини айтиш мумкин”, дейди Самвел Бабаян.
“Бугун барчамизни муҳим бўлган ўйин кутиб турибди. Биз Жаҳон чемпионатига чиқиш орзусига эришишни истаймиз ва ҳаммамиз учун имкониятлар яратиб берган мамлакат олдидаги қарзимизни узишимиз керак. Айни вақтда Ўзбекистонда спорт, айниқса, ёшлар спортига катта эътибор қаратилмоқда.
Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсам, биз кучли рақибга қарши ўйнаймиз. Айни вақтда Хитой футболида катта ўсишни кўриш мумкин. Клуб миқёсида ҳам жамоалар халқаро майдонда муносиб иштирок этмоқда. Бу мамлакатга киритилаётган сармоялар ҳам улкандир.
Хитой терма жамоасини замонамизнинг энг кучли мутахассисларидан бири — Марчелло Липпи бошқармоқда. Сўнгги пайтларда ўйин сифати устида ишладик ва имкон қадар барча муаммоларни бартараф этдик. Бугун майдонда энг яхши ўйинимизни намойиш қиламиз!
Тошкентдаги ўйиндан кейин Хитой термаси мураббийи алмашди ва бу жамоага ижобий таъсир ўтказди. Рақибнинг сўнгги ўйинларини кузатдик. Ўйин сифати анча кучайганини айтиш мумкин.
Хитой термасига қарши қизиқарли беллашув гувоҳи бўламиз. Бугун Жанубий Корея ҳақида эмас, фақатгина Хитойга қарши ўйин ҳақида ўйлаймиз. Барча эътибор олдимизда турган ўйинга қаратилган.
Хитой термасидан фарқли равишда, Ўзбекистон терма жамоасининг бир нечтаси чет эл чемпионатларида тўп суради. Ўзбекистон Футбол Федерацияси тайёргарлик кўриш учун барча имкониятларни яратган, бироқ легионер футболчилар ҳар доим ҳам бир вақтда бизга қўшила олмайди.
Уханга келишдан олдин об-ҳаво нисбатан нам бўлишини айтишганди. Бироқ биз бу ерга етиб келганимизда ҳаво илиқ эканига амин бўлдик. Хитой чемпионатида тўп сураётган 3 нафар футболчимиздан рақиб ўйинчилари ҳақида етарлича маълумот олдик”, деди Самвел Бабаян.
“Хитой кучли ва яхши жамоа, аммо биз ғалаба учун келдик! Умид қиламанки, Ўзбекистонга аъло кайфиятда учиб кетамиз. Жанубий Кореяга қарши беллашув ҳам биз учун муҳим саналади”, дея фикр билдирди Сервер Жепаров.
Эслатиб ўтамиз, Хитой–Ўзбекистон учрашуви бугун, 31 август куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да “Спорт” телерадиоканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади. Учрашувни таниқли шарҳловчилар Хайрулла Ҳамидов ва Дилшод Тўхтабековлар шарҳлаб боришади.