...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сергелилик чақалоқ нотўғри эмлашдан вафот этганмиди? ССВ ҳолат бўйича аниқ маълумот берди


17:49, 22.11.2018 Жамият
 5 825

Э.Х фарзандига полиомиелит ва пневмококкга қарши вакциналарни олган.

Аввалроқ, Х.Э.нинг чақалоғи Р.Р.Хамидуллинга Сергели туман 10-сонли оилавий поликлиника ва ходимлари томонидан нотўғри эмлаш жараёни ўтказилганлиги, сўнг 3-сонли шаҳар болалар клиник шифохонаси (ШБКШ) ходимлари етарлича муолажалар олиб бормагани натижасида у вафот этгани тўғрисида фуқаро Х.Э. Президент қабулхонасига мурожаат йўллагани ҳақида хабар берган эдик.
 
Соғлиқ сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига асосланиб тарқатилган ушбу маълумотларни рад этди.
 
Унда қайд этилишича, Сергели туманида яшовчи Э.Х. фарзандининг вафоти юзасидан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг мутахассислари томонидан текширув олиб борилган. Унда Э.Х.нинг фарзандига эмлашнинг тўғри қилинганлиги, унинг стандартларга мослиги, миқдори ва муддати каби жиҳатлари ҳам чуқур ўрганиб чиқилди.
 
Маълум бўлишича, бола жорий йилнинг 24 август куни  Сергели тумани 10-оилавий поликлиникада болалар шифокори Н.Расулова томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган ва режа асосида 2 ойликдаги эмлашга рухсат берилган. Ўша куни боланинг онаси Э.Х фарзандига полиомиелит ва пневмококкга қарши вакциналарни олган. Эмлаш махсус рухсатномаси бўлган ҳамшира М.Саликова томонидан амалга оширилган.
 
Орадан икки кун ўтиб, яъни 26 август, соат 11.00ларда боланинг тана ҳарорати 38,5 даражага кўтарилгани кузатилганлиги учун тез ёрдам чақирилган ҳамда беморга биринчи тиббий  ёрдам кўрсатилиб, 3-шаҳар болалар клиник шифохонасига олиб борилган. Невропатолог шифокор Ш.Насруллаев тиббий кўрикдан ўтказиб, “Талваса синдроми. Соматоген асосланган. Бош мия шиш хавфи” ташхиси қўйилиб, муолажа қилинган. Аммо 28 август куни соат 19.30да бола аҳволи оғирлашавергач Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ)нинг болалар  реанимацияси бўлимига ўтказилган. Болага керакли даво чоралари  кўрсатилишига  қарамай, бемор 30 август куни соат 24.00да марказда вафот этган.
 
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, боланинг ўлимига эмлаш сабаб бўлмаган.
 
“24 август куни  Сергели туманидаги  10 - оилавий поликлиникада  жами 128 нафар бола эмланган. Ўтказилган таҳлиллар нафақат ушбу болада, балки эмланганларнинг бирортасида ҳам  эмлашдан сўнг юз бериши мумкин бўлган  нохуш холатлар кузатилмаганлигини кўрсатди. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар ойда 2 ярим миллион нафар бола миллий эмлаш календари асосида вакциналар билан эмланади ва уларнинг эмлашдан кейинги ҳолати доимий равишда ўрганиб борилади. Энг муҳими, юртимизда шу пайтгача ушбу вакциналар билан боғлиқ салбий ҳолатлар бирор марта бўлса-да, рўйхатга олинмаган. Жумладан, полиомиелит ва пневмококк вакциналарига умуман тиббий чеклов йўқ, улар ўлим билан боғлиқ асоратларни умуман келтириб чиқармайди. Бу Жахон соғлиқни сақлаш ташкилотининг нуфузли экспертлари томонидан ўтказилган илмий тадқиқотларда ҳам исботланган”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитар эпидимиология назорати бош бошқармаси бошлиғи Дилмурод Мирзабоев.
 
Бундан ташқари, эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган самарали эмлаш воситалари БМТнинг Болалар фонди – ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ташкилотлар сертификати асосида  мамлакатимизга олиб келиниб, тегишли тартибда қайта  тиббий-лаборатор синовлардан ўтказилади. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сертификат билан кафолатланади ва совуқлик занжири тизимига риоя этилган ҳолда жойлардаги эмлаш пунктларига етказилади. Эмлаш муолажалари шаҳар ва туманларда аҳолига бириктирилган оилавий поликлиника, чекка жойларда эса қишлоқ оилавий поликлиникаларида малакали шифокор кўригидан ўтилгач, махсус ўқитилиб, тегишли рухсатнома олган ҳамширалар томонидан бепул амалга оширилади.



Куни кеча Тошкентда ташкил этилган “Барқарор ривожланиш мақсадлари даврида Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш” мавзусида халқаро конференцияда ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб юртимиздаги эмлаш борасида саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади. Иммунизация ёки вакцинация борасидаги ишларга қаратилаётган эьтибор, ҳаттоки, Европанинг ривожланган мамлакатларида ҳам амалга оширилмаганини айтиб ўтди. Шундай экан, соғлом фарзанд тарбиясига масъул ҳар бир ота-она эмлаш календарида кўрсатилган муддатлардан кечиктирмай фарзандларини эмлатишлари зарур.
 
Юқоридаги вазият, яъни боланинг вафоти юзасидан тиббиёт ходимларининг хатти-ҳаракатлари, болага ташхис қўйиш ва даволаш жараёни вазирлик мутахассислар ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан чуқур ўрганилмоқда.

Теглар:Эмлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар