...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлиси 24 август кунига чақирилди


19:01, 18.08.2017 Жамият
 2 288

Унда Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси шу йил 24 август куни Тошкент шаҳрида чақирилади. Бу ҳақдаги қарор бугун, 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашинининг мажлисида қабул қилинди Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев бошқарди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилмоқда.
 
“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
 
Ялпи мажлисда сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунларни ҳам кўриб чиқадилар.
 
Шунингдек, ялпи мажлиснинг кун тартибига Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги масалалар ҳам киритилди.
 
Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини сайлаш ҳақидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг айрим раҳбарларига парламент сўрови юбориш, шунингдек, парламент сўрови натижалари ҳақидаги масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.
 
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.
 
Ўн биринчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девони фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди.

Теглар:Олий Мажлис Сенати Ялпи мажлис 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар