Ялпи мажлисда Бош вазир Абдулла Ариповга парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқилди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда, шу жумладан, мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини қайд этдилар.
Мамлакатнинг янги Мудофаа доктринаси қабул қилинган бўлиб, унда Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, миллий армияни шакллантириш ва ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бир вақтда Қуролли Кучларни янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга, мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда мудофаа қобилиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Сенат томонидан сафарбарлик чақируви резерви сафида хизмат қилишга, ушбу хизматни ташкил этиш ва ўташга оид ҳужжатлар ижроси, шунингдек, ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш ишлари ўрганилди ҳамда таҳлил қилинди.
Уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича сенаторлар томонидан сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ташкил этиш ва ўташ масалалари, шунингдек умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларидаги чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, чақирув ёши чегарасини қисқартириш, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси лавозимларига касбий жиҳатдан яхши тайёрланган, малакали, иш тажрибасига эга бўлган шахсларини, шу жумладан, захира ва резерв офицерларини тайинлаш чора-тадбирлари тўғрисида асослантирилган изоҳлар бериш илтимоси билан парламент сўрови юборилди.