Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларида талабаларнинг доимий яшаш жойларидан иштирок этишларига шароит яратиш мақсадида жорий йилнинг 1-5 декабрида қисқа муддатли таътил эълон қилинади.
Telegram мессенжерида 2016 йил 31 октябрь куни “Олий таълим муассасалари талаба-ёшларининг Конституцион ҳуқуқларидан келиб чиқиб доимий яшаш жойларида овоз беришларига шароит яратиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 452-сонли буйруғи сурати тарқатилмоқда. Бу сурат фотошопнинг маҳсулими ёки ҳақиқатан, буниси бизга қоронғу.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96- ва 117-моддалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5- ва 9-моддаларига мувофиқ, 2016 йил 4 декабрь, якшанба куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб эълон қилинган.
“Шу муносабат билан, олий таълим муассасалари меҳнат жамоаси ва талаба-ёшларининг Конституцион ҳуқуқларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларида уларнинг доимий яшаш жойларидан иштирок этишларига шароит яратиш мақсадида жорий йилнинг 1-5 декабрида қисқа муддатли таътил эълон қилинсин”, дейилади ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган хабарда.
Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан боғландик. Гўшакни кўтарган масъуллардан бири ҳозирча бу ҳақда аниқ маълумот бера олмаслигини айтиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган буғруққа изоҳ бермади.