2016 йилда Самарқандда 3 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди, 7 та сайёҳлик компанияси иш бошлади.
“Афросиёб” музейи ва яна 10 та маданий мерос объектида таъмирлаш, реконструкция ва ободонлаштириш ишлари якунланди. Маҳдумий Хоразмий масжидининг ички қисмида қурилиш ишлари олиб борилди, ғиштли Масжиднинг ички деворлари, ташқи ва ички том қисми таъмирланди.
Ургут туманининг муқаддас зиёрат жойларида узунлиги қарийб 2 км бўлган йўл қайта таъмирланди, йўл белгилари жойлаштирилди, бу ердаги барча бинолар реконструкция қилинди, миллий таомлар ресторанлари ва дам олиш учун мўлжалланган замонавий объектлар қурилди. Туманнинг тоғли ҳудудида 200 кишига мўлжалланган ресторан ва ёз мавсумида дам олишга қаратилган 2 та объект барпо этилди.
Бундан ташқари, Самарқандда автомобиллар турар жойлари ташкил этилди, йўл ва йўлаклар қайта таъмирланди. Умумий ҳисобда 40 км йўлга асфальт ётқизилди.
Нуробод туманида 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона қурилди, яна бир клиника фойдаланишга топширилди.
Айни вақтда Ҳазрати Довуд ғори бутунлай тикланиб, сайёҳлар учун янги объектлар барпо этилди. Бу ерда зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди.
Ҳозирда симсиз интернет – Wi-fi улаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтгача Wi-fi Самарқанд аэропорти, темир йўл вокзали ва “Регистон” мажмуасига ўрнатилган.
Самарқанд обидаларини саёҳат қилиш учун махсус мобил дастур яратилган бўлиб, у 3 тилда хизмат кўрсата олади. Дастур орқали сайёҳ мустақил равишда ўзи зиёратга бориши ҳам мумкин. Бу дастурда меҳмонхоналар, ресторанлар, савдо мажмуалари ва бошқа кўнгилочар объектлар харитаси келтирилган.
2016 йилда Самарқандда 3 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди, 7 та сайёҳлик компанияси иш бошлади. 2017 йилда ҳам бу борадаги ишларни изчил давом эттириш кўзда тутилган.