Айбдор топилиб, жазоси ҳам берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида жорий йил 22 октябрь куни қайд этилган гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича “Qalampir.uz”га қуйидагиларни маълум қилди.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 22 октябрь соат 13:00 дан 23 октябрь соат 17:45 га қадар 17 нафар фуқаро кўнгил айниши, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиши, тана хароратининг кўтарилганлиги, ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан мурожаат қилишган. Шифокорлар кўригидан сўнг уларга “Овқат токсикоинфекцияси, ўрта оғир даражаси” бирламчи ташхиси қўйилиб, касалхонага ётқизилган. Беморларнинг 11 нафари эркак, 3 нафари аёл, 3 нафари 14 ёшгача бўлган болалардир. Беморлардан 4 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, 13 нафари эса енгил. Беморлардан лаборатория таҳлили учун биологик намуналар олинган.
Ўтказилган бирламчи эпидемиологик суруштирув натижасида аниқланишича, беморлар жорий йил 21-22 октябр кунлари Самарқанд шаҳар Саттепо мавзесидаги “Табиат саховати” деҳқон бозори ёнидаги киоска кўринишидаги буткада фуқаро Ғулом Муродов томонидан сотилаётган хот-догдан истеъмол қилишган. Хот-дог таркибида нон, сабзи салат (марковча), бодринг, помидор, сувда пиширилган тухум, пиширилган колбаса, сосиска, кетчуп ва уй шароитида тухум ва ўсимлик мойидан тайёрланган майонез бўлган.
Фуқаро Ғулом Муродов ўз фаолиятини ўрнатилган тартибда расмийлаштирмасдан, тиббий кўрикдан ўтмасдан, ноқонуний равишда олиб борган. Хот-дог тайёрланган бутка санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди, ичимлик суви билан таъминланмаган, маҳсулотларни сақлаш ва сотиш учун талаб этиладиган санитария шароитлари йўқ. Ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати томонидан фуқаро Ғулом Муродовга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, жарима солинган ва унинг фаолияти тўхтатилган. Маҳсулотлардан лаборатория таҳлили учун намуналар олинган, қолган маҳсулотлар эса савдодан олиниб, белгиланган тартибда йўқ қилинган.