Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган икки раҳбарни Пўлат Бобожонов лавозимдан озод қилди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш жараёнида яна икки туман ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилган.
“Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйилганлиги учун Булунғур тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдухакимов Содиқ Абдуҳакимович, Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдухамидов Хайрулло Убайдуллаевич эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Президент Девони, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг масъул вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан вилоят ички ишлар органларининг жорий фаолияти мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга қанчалик мувофиқ ташкил этилганлигига баҳо бериш мақсадида ўрганиш ишлари бошлаган.