Самарқанддаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактабда мудҳиш воқеалар содир бўлган.
Кеча, 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига фуқаро М.Мирзаева мурожаат қилиб, ўз аризасида Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси 64-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таълим олаётган унинг фарзанди Э.Мирзаев ва бошқа тарбияланувчилар интернатнинг мансабдор ва масъуллари томонидан қийнаб, уларга тан жароҳатлари етказилганлиги ҳақида хабар берган.
Мазкур ҳолат Бош прокуратура раҳбариятининг алоҳида назоратига олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган текширув давомида аниқланишича, мактаб-интернати директори Ш.Садинов ва бошқалар мансаб ваколати доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиб, ўз фаолиятлари давомида мактаб-интернатининг ўқувчилари, вояга етмаган Х. (2001 й.т.), Э. (2006 й.т.) ва Ў. (2003 й.т.)ларни мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганликларини рўкач қилган ҳолда таълим-тарбия давомида уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, қийнаб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказган.
Вилоят СТЭ бюросининг 23.07.2018 йилги хулосаларига кўра, ариза берган М.Мирзаеванинг фарзанди Э.нинг танасида қатор жароҳатлар мавжудлиги, улар “Енгил тан жароҳатлари” гуруҳига кириши аниқланган.
Жиноят иши бўйича 89 нафар мактаб-интернати тарбияланувчиларига нисбатан вилоят СТЭ бюроси экспертлари томонидан гувоҳлантириш ҳаракатлари ўтказилди, тарбияланувчиларнинг амбулатор карталари баённомалар асосида олиниб, ўрганиляпти.
Ушбу ҳолат юзасидан 23.07.2018 йилда Самарқанд шаҳар прокурори томонидан 64-сонли мактаб-интернати директори Ш.Садинов ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми “а” банди, 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мактаб-интернати директори Ш.Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда.
Жиноят иши тергови вилоят прокурори томонидан алоҳида назоратга олинган.