...
МЕНЮ
ONLINE TV

Салом, ноябрь! Бугундан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?


10:19, 01.11.2018 Жамият
 10 933

Энг кам иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ўрта ҳисобда 10%га оширилади.

Бугун, 1 ноябрдан бошлаб “Минималка” оширилади, савдо-сотиқ қилиш қоидалари соддалаштирилади, уннинг бозор нархлари жорий этилади. Norma.uz нашри тақдим этган ушбу шарҳда 2018 йил ноябрдаги шу ва бошқа янгиликлар ҳақида сўз юритилади. 
 
Биринчидан, энг кам иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ўрта ҳисобда 10%га оширилади. Тасдиқланган миқдорлари – бу ерда. Эслатиб ўтамиз, бу йил давомидаги иккинчи индексация. Аввалгиси 15 июлда амалга оширилган, унинг ўртача миқдори 7%ни ташкил этган эди.
 
Иккинчидан, савдони эркинлаштиришнинг навбатдаги босқичи бошланади:
 
а) товар-хом ашё биржалари биржада сотиладиган маҳсулотларни сақлаш ва логистика қилиш, шунингдек АКТни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича шуъба хўжалик бирлашмаларини туза оладилар. Импорт бўйича олиб келинган юқори ликвидли маҳсулотлар эса ички бозорда чекловларсиз – биржа орқали ёки тўғридан-тўғри сотилиши мумкин (илгари – фақат биржа орқали);


 
б) нақд пул тушумини топшириш/инкассация қилиш тартиби соддалаштирилади, корпоратив банк карталари ёрдамида ҳисоб-китоб қилганда эса олди-сотди шартномасини тузмаслик мумкин, бироқ инвойс (ҳисобварақ-фактура) расмийлаштириш зарур.
 
Учинчидан, 1-нав буғдой уни нархини белгилашнинг бозор механизмлари жорий этилади. Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрдан буён тартибга солинадиган улгуржи сотиш нархи – 1 кг учун 1 400 сўм амал қилиб келмоқда.
 
Тўртинчидан, жорий ой бошидан бошлаб фармацевтика соҳасида янги қоидалар қўлланилади:
 
а) дори воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги гувоҳномаси ўрнига тегишли Давлат реестридан кўчирма берилади. У ариза берувчининг хоҳишига кўра тақдим этилади. Давлат хизматлари кўрсатилганда кўчирма талаб қилинмайди, у давлат органларига тўғридан-тўғри электрон кўринишда (ариза берувчининг иштирокисиз, таҳр.) юборилади. Тартибга солувчи ҳужжатга айни пайтгача тузатишлар киритилмаганлиги боис мазкур кўчирма ҳақ эвазига берилиш/берилмаслиги масаласи очиқлигича қолмоқда (рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини берганлик учун 2 ЭКИҲ ундирилар эди, таҳр.). Бундан буён рўйхатдан ўтишнинг амал қилиш муддатини узайтириш керак эмаслиги қувонарли ҳол. Дастлабки 5 йиллик муддат ўтгач, Давлат реестрига маълумотлар киритилади ва унда доим сақланади;
 
б) дорихоналар ва унинг филиаллари “ангро” маҳсулотини (йирик қадоқдаги дори воситалари ва кейинчалик ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом ашё) сотишга ҳақлилар. Уни махсус ускунадан фойдаланган ҳолда ўзлари қадоқлашлари, ўрашлари ва маркировка қилишлари мумкин. Тиббиёт муассасалари, ш.ж. давлат тиббиёт муассасалари «ангро» маҳсулотини сотиб олишлари мумкин. Сотиш тартиби 1 ноябргача тасдиқланиши керак эди.
 
Бешинчидан, террористик, экстремистик тузилмалар сафига алдов йўли билан жалб этилган кишилар жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Ушбу механизмнинг барча тафсилотлари алоҳида ҳужжатда қайд этилиши керак эди (ҳозирча қабул қилинмади, таҳр.). Бироқ ушбу “амнистия” остига тушиши аниқ бўлган шахслар рўйхати мавжуд (батафсил қаранг).
 
Олтинчидан, ЙҲҚни бузганлик учун жарималар тўлашнинг биллинг тизими жорий этилади. Жарималар тўғрисидаги хабарлар SMS шаклида ёки почта орқали юборилади. “Маъмурий амалиёт” янги электрон комплекси амалиётга жорий этилиши билан буни амалга ошириш имкони юзага келди. Унинг ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида ишларни кўриб чиқадилар ва жарималарни ундирадилар.
 
Еттинчидан, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси, шунингдек олий таълим муассасалари ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар Халқ таълими вазирлигининг идоравий бўйсунувига ўтказилади.
 
Бундан ташқари, айрим нормалар ой бошидан эмас, балки бошқа санадан кучга киради:
 
тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун камида 5% бепул жойларни ажратиш талаби – 5 ноябрдан;
 
хорижий автоташувчиларни ХЙТ дафтарчасидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш асослари рўйхати – 19 ноябрдан;
 
чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларни ҳисобга олишнинг янги қоидалари – 21 ноябрдан.

Теглар:Ойлик маош Пенсия Нафақа 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар