Пиёдаларнинг йўлни рухсат этилмаган жойларидан мавжуд тартиб-қоидаларга зид равишда кесиб ўтиши аянчли оқибатларга олиб келмоқда...
Худди шу каби оқибати аянчли тугаган ЙТҲ 21 октябрь куни кечки 18:00 лар атрофида Олмазор тумани, Сағбон кўчасида содир бўлди. Бахтсиз ҳодиса қўлида боласи билан йўлдан ўтаётган аёлни Lacetti автомобили уриб юбориши оқибатида содир бўлган. Йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган она ва бола Сағбон кўчасида жойлашган “Қизил тут” дўкони олдидан йўлни кесиб ўтишга уринган ва уларни машина уриб юборган.
Айни шу дўкон олдида октябрь ойининг бошида ҳам оқибати пиёданинг ўлими билан якун топган ЙТҲ содир бўлган эди. Унда 55 ёшлар атрофидаги шахсни Damas автомобили уриб юборган ҳамда жабрланувчи йўлнинг қатнов қисмига йиқилган. Эркак Spark автомобилининг бампер қисмига илиниб қолгани сабаб судраб кетилган. Фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Пиёдаларнинг йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг навбатдагиси кеча, 22 октябрь куни Тошкент катта халқа йўлининг Ҳасанбой ҳудудига яқин қисмида содир бўлган. Катта тезликда ҳаракатланган Matiz автомобили йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтаётган ўрта ёшлардаги эркакни уриб юборган.
Гувоҳларнинг таъкидлашича, Сағбонда машина уриб юборган қизалоқ ва аёл шифохонага олиб кетилган, она шифохонада вафот этган. Бундан ташқари, Ҳасанбойда содир бўлган ЙТҲда жабрланган ўрта ёшлардаги фуқаро воқеа жойида вафот этган.