“Гиннес рекордлари” китоби велосипед билан боғлиқ турли натижаларга бой.
Агарда спорт билан шуғулланишга алоҳида вақтингиз бўлмаса, велосипедда юринг. Бу саломатлик учун жуда фойдали. Ҳозирги об-ҳаво эса бу машғулот учун айни муддао. Энг қизиғи, сиз рекорд ҳам ўрнатишингиз мумкин.
“Гиннес рекордлари” китоби велосипед билан боғлиқ турли натижаларга бой. Улардан энг сараларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
1. Энг катта велосипед
Дунёдаги энг катта велосипедни 1989 йил 4 июнда АҚШнинг Калифорния штати Роузмид шаҳридан бўлган Дейв Мур ясаган. У қурилмасини “Франкенсайкл” деб атаган. Велосипеднинг баландлиги 3,4 метрни, ғилдираклар диаметри 3,05 метрни ташкил қилади. Унда биринчи марта мурпарклик Стив Гордон юрган.
2. Энг узун велосипед
Энг узун велосипед сифатида Гиннес рекордларида қайд этилиш учун икки муҳим жиҳат бўлиши лозим: бири улов фақатгина иккита ғилдиракдан иборат бўлиши, иккинчиси ҳаракат қилиши шарт.
Ана шундай жиҳатларга эга велосипедни Янги Зеландиянинг Пахиатуа шаҳрида истиқомат қилган Терри Тессман қурган. Унинг узунлиги 22,24 метрни ташкил қилади, оғирлиги эса 340 кг. 1988 йил 27 февралда ясалган уловда дастлаб 4 киши 246 метр масофани босиб ўтган.
Бироқ бу рекорд кейинчалик янгиланган. Янги энг узун велосипед 35,79 метр. Унда велосипед ғилдираклари ўрнига мотоцикл балонлари жойлаштирилган. Педаллар эса йўқ.
Ундан ҳам узун педалли велосипед Жанубий Австралия университети вакиллари томонидан ясалди. У 41,42 метр узунликка эга. Бироқ у Гиннес рекордлари китобига киролмади. Чунки ғилдираклари жуда кўп эди.
3. Энг кичик велосипед
Дунёдаги энг кичик велосипеднинг тузувчиси австралиялик Невилл Паттен.1,9 см диаметрга эга ғилдиракли велосипед 1988 йил 25 мартда яратилган. Мутахассиснинг ўзи ушбу велосипедда 4,1 метр масофа юрган.
4. Йиғиладиган энг енгил велосипед
Энг енгил йиғиладиган велосипед Япониянинг иккита компанияси ҳамкорлигида ясалган бўлиб, у бор йўғи 6,5 килограмдан иборат. Велосипед йиғилган ҳолатда жуда кам жой эгаллайди. Уни бемалол сумкага солиш ёки вокзаллардаги сақлаш камерасига жойлаштириш мумкин. Дунё бўйлаб саёҳатга асқотадиган улов экан!
5. Энг баланд велосипед
Кубалик пайвандчи Феликс Гуирола 2012 йилда дунёдаги энг баланд велосипедни ясади. 5,4 метр баландликка эга велосипед ҳали Гиннес рекордлари китобига киритилмаган. Бироқ унинг соҳиби айни пайтда рекордни қайд этиш учун ариза топширмоқчи. Ҳозирча у дунёдаги энг баланд велосипед бўлиб қолмоқда.