Жами ҳакамлар 46 та турли хил мамлакатлардан Жаҳон чемпионати ўйинларида ишлашга таклиф қилинган.
Эътиборлиси, ушбу рўйхатда Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками ўзбекистонлик Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчилари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидовлар ҳам бор.
Равшан Эрматовдан ташқари Осиёдан Фаҳад Ал-Мирдаси (Саудия Арабистони), Алиризо Фағоний (Эрон), Муҳаммад Абдулла (БАА), Рюжи Сато (Япония) ва Навоф Шукрулло (Баҳрайн) ЖЧ-2018 га таклиф қилинган.
Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов Жаҳон чемпионатларида ҳакамлик қилиш бўйича дунё рекорди соҳиби ҳисобланади.
У 2010 ва 2014 йилги Жаҳон чемпионатларида жами 9 та ўйинда бош ҳакамлик қилган. Эндиликда Россияда бўлиб ўтадиган учрашувларда ҳам Эрматов ҳакамлик қиладиган бўлса, унинг рекордини яқин орада ҳеч ким янгилай олмаслигига шубҳа йўқ.
Маълумот учун, Равшан Эрматов ҳакамлик борасида эришган юксак натижалари ва Ўзбекистонни дунёга танитишдаги қўшган ҳиссаси учун “Буюк хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари ҳамда “Ўзбекистон ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси 10 апрель куни Мексикада КОНКАКАФ Чемпионлар лигаси доирасида “Америка ФК” ва “Торонто” ФК” клублари ўртасидаги ярим финал учрашувини бошқаришиши ҳақида хабар бергандик.
ЖЧ-2018 финал босқичи 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Казань, Сочи, Нижний Новгород, Самара, Калининград, Екатеринбург, Саранск, Волгоград ва Ростов на-Дону шаҳарларидаги 12 та стадионда бўлиб ўтади.