Ота-онасининг изидан бориб, санъат оламига кирганларнинг масъулияти икки баравар бўлади. Бу юкни кўтариш, талабга жавоб бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Эпламаганлар эса йиллар ўтса-да “фалончининг арзандаси” бўлиб юраверади.
Рашид Ҳолиқовга икки томчи сувдек ўхшайдиган тўнғич ўғли Санжар айни дамда 20 ёшда. Рашид Ҳолиқов бундан бироз аввал берган интервьюсида ўғли ҳақида шундай деганди:
“Мен ижодимни эндигина бошлаган даврларда қўшиқлар тасмага ёзиб олинарди. Фонограмма деган нарса-ку умуман йўқ эди. Минг афсуски, ҳозирги техника асри хиргойи қилиб юрадиган ҳаваскорни ҳам санъаткорга айлантирди. Аччиқдир, аммо ҳақиқат! Бироқ миллий йўлда ижод қилаётган, мумтоз қўшиқларимизни маромига етказиб куйлайдиган ёшларимиз ҳам йўқ эмас. Агар ўрнимизга даъвогарлар орасида ҳақиқий иқтидор эгалари топилса, бундан ҳечам хавотирга тушмайман. Катта ўғлим санъат йўлини танлади. Қаршилик қилмадим, аксинча, ўзим йўл-йўриқ кўрсатиб, жонли ижрода куйлашга, техниканинг кучига боғланиб қолмасликка ундаяпман. Ҳар бир нарсанинг қадри вақт билан ўлчанади. Агар бугунги ёш хонандаларимиз орадан 25 йил ўтгач санъатда ўз ўрнини топиб, биз босиб ўтган йўлни қаноат билан ўта олишса, жуда қувонган бўлардим”.
Рашид Ҳолиқовнинг юқоридаги фикрларини эслаб, ўғлининг илк меҳнати шунга яраша бўлса керак, деб ўйлаган эдик. Афсуски, адашибмиз. Санжар нафақат ташқи кўриниши, балки қўшиғи билан ҳам отасига ўхшабди. Гап шундаки, унинг “Ширин” номли қўшиғи худди Рашид Ҳолиқов куйлайдиган қўшиқларга ўхшаган.
Рашид Ҳолиқов бир неча кун аввал Грецияга кетаётгани ҳақида таҳририятимизга маълум қилган эди. Билишимизча, бу клип ҳам Грецияда суратга олинган. Энг ачинарлиси шундаки, шунча маблағ ва ҳаракат сарф этилган клип қўшиқ мазмунидан буткул йироқ. Санжар ўз тасаввуридаги қизга “Ширин” деб қўшиқ куйлаяптию тасвирларда Грециянинг қимматбаҳо саройлари кўрсатиляпти. Гўё бу клип Санжарнинг либосларию Грециядаги манзараларни кўз-кўз қилиш учунгина суратга олингандек.
Ота-онаси изидан бориб, санъат соҳасини танлаган ҳар бир санъаткорнинг елкасидан икки баравар масъулият, юк туради. Бу юкни кўтариш, талабга жавоб бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Эпламаганлар эса йиллар ўтса-да “фалончининг арзандаси” бўлиб юраверади. Санъат оламида эндигина атак-чечак қилаётган Санжар келажакда билдирилган ишончни оқлайди, деб умид қиламиз.