Оғанинг хотирлашича, ёши улуғлар Орол денгизи олдин ҳам икки маротаба қуриб, кейин яна ўзига қайтгани ҳақида айтишган.
Гутерриш қачонлардир порт шаҳар, ҳозир эса “кемалар қабристони” бўлган Мўйноқни бориб кўрганидан сўнг: “Орол денгизининг қуриши иқлим туфайли эмас, сув ресурсларининг инсон томонидан нотўғри бошқарилиши натижасида рўй берган. Шунингдек, иқлим ўзгариши муносабати билан унинг салбий таъсирини камайтиришга оид қатъий чоралар кўрилмаса, бу фожиа бутун дунё миқёсида кўпаяди”, дея огоҳлантирди.
Неча йиллардан буён бизни аста-секин тарк этаётган Орол фожиасига мутахассислар турли ёндашувлар билдирмоқда. Кимлардир инсон омили деса, яна кимлардир табиатдаги ўзгаришларга боғламоқда.
Мен ҳам йил бошида хизмат сафари билан Мўйноқ туманига борганимда қуршаб қолган денгизимизни кўрдим. Бир пайтлар қирғоқларига сиғмай ҳайқириб ётган денгиз ўрнида биёбон чўлни кўриш ҳар қандай инсон учун жуда оғир ва тушунтириб беролмайдиган руҳий кечинмаларни қалбга солади.
Оролни кузатаётганимизда “кемалар қабристони”га қараб турувчи Қушқанот оға билан суҳбатлашиб қолдик. Оғанинг хотирлашича, ёши улуғлар Орол денгизи олдин ҳам икки маротаба қуриб, кейин яна ўзига қайтгани ҳақидаги суҳбатни гапириб берди.
Қушқанот оға шундай хотиржамлик ва ишонч билан айтдики: “Орол яна қайтади”. Бизга ҳамроҳлик қилаётган қорақалпоқлик мутасадди акамиз ҳам оғанинг гапларига ҳеч қандай монеликсиз қўшилди. Алқисса, ҳаммамизнинг кўнглимизда бир умид уйғонди — Орол яна қайтсин!