Нукус шаҳридан қарийб 400 км узоқликда жойлашган ушбу ҳудудларда бир вақтлар 60-70 метргача чуқурликда сув оққан
Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳридан қарийб 400 км узоқликда жойлашган ушбу ҳудудларда бир вақтлар 60-70 метргача чуқурликда сув оққан. Ҳозирда эса денгиз қуриб, ўрнини катта саҳро эгаллаб олган ва ундан йилига 100 млн тонна тузли чанг бўронлари кўтарилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Орол муаммосини кўтариб чиқиб, муаммони ечиш бўйича амалий таклифлар билдирганди. Шундан келиб чиққан ҳолда айни вақтда бу ҳудудларда саксовул уруғларини экиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур тарихий аҳамиятга эга бўлган ташаббусни амалга оширишга 300 дан ортиқ махсус техника воситалари, 2000 га яқин ходимлар ҳамда мингдан ортиқ аҳоли вакиллари жалб қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан жами ҳисобда 2 миллион гектар ер майдонларида яшил ўрмонзорлар барпо этилиши режалаштирилган.
Махсус техникалар ёрдамида бир кунда 5 минг гектар ерга саксовул экилаётган бўлса, яна 15 минг гектар ерлар жараёнга тайёрланмоқда. Ушбу ишга Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан ходимлар сафарбар этилган. Ҳозиргача 50 минг гектардан ортиқ ерларга саксовул уруғлари экиб бўлинган.
Айни вақтда давом этаётган ўрмонлаштириш ишлари доирасида маданий тадбирлар ҳам ташкиллаштирилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бу ишлардан мақсад Оролбўйи ҳудудларида янги экологик муҳитни шаклантириш бўлиб, асосий эътибор саксовул уруғларини экиб, ҳудудни ўрмонлаштиришга қаратилмоқда.
Манзура Сайфиддинова