Суд мажлисида диний маросимларни ўтказиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бир нечта иш кўриб чиқилган.
Хусусан, судга “Ҳонақа” МФЙда яшовчи А.Ҳ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201-моддаси 2-қисми билан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари келиб тушиб, суд мажлисида муҳокама қилинди.
У ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмаса-да, диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиб, М.Мақсудованинг қонуний турмуш ўртоғи А.Камоловни бошқа бир аёлга шаръий никоҳлаб қўйганлиги аниқланди. Суднинг қарори билан унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
“Қумариқ” МФЙда яшовчи О.Н ҳам 2018 йил 21 март куни ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмаса-да, диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиб, ўз ўғлини бошқа бир аёлга шаръий никоҳлаб қўйган.
“Хонақа” МФЙ яшовчи К.Э ҳам Ш.Э билан қонуний никоҳи бўлишига қарамасдан ўзини М.О га шаръий никоҳлаб олган. Суднинг қарори билан унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Амалдаги тартибларга биноан шаръий никоҳ ўқиш диний маълумотга эга бўлган ваколатли шахслар томонидан амалга оширилади ва бунинг учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг рухсати керак бўлади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Тегишли идора рухсатисиз шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай фуқаро, мавқеидан қатъи назар, қонун олдида жавобгардир.