Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 76 нафар абитуриент тест синовларидан четлаштирилди.
Бош вазир ўринбосари абитуриентлар имтиҳонларга келмагани сабабини номаълум дея ёзди. Лекин “Qalampir.uz” интернет нашри ходимлари 1-сменадан чиққан абитуриентлар билан суҳбатлашган вақтда улар имтиҳонда иштирок этиш осон эмаслигини иддао қилишди. Хабарингиз бор, ДТМ тузган тест саволларига тўғри жавоб бериш осон эмас.
Абитуриентларни айни вақтда қўрқув, ҳаяжон ёки бўлмаса ўз билимига бўлган ишончсизлик ҳисси қамраб олган. Аммо абитуриентларни ҳам тўғри тушуниш мумкин. Нега деганда улар тест бўлиб ўтаётган биноларда кузатув камералари ишлаётганига қарамай, ҳали-ҳамон қинғир ишлар содир бўлаётганига гувоҳ бўлган.
Бугунги кириш имтиҳонлари ҳақида маълумот берадиган бўлсак, 15 та олий таълим муассасаларида тест синовларининг 1-сменаси бир вақтда 8:00 дан бошланиб, 11:30 га қадар тўлиқ якунланди.
Тест синовларида 15 та олий таълим муассасаларининг 50 та таълим йўналишида 30 минг 690 нафар абитуриент иштирок этди. Маълумотларга кўра, тест синовларида 29 856 нафар абитуриент иштирок этди.
Бундан ташқари, тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 76 нафар абитуриент тест синовларидан четлаштирилди (ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун).
Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан 2 минг 469 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилиши белгиланган. Шундан, 35 нафари иштирок этмади. Тест натижалари Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 2-cмена якунлангандан сўнг 18.30 дан қайтариш бошланади.
Шунингдек, Вазир ўринбосарининг ёзишича, Тошкент шаҳрида тест материаллари 1-смена тугаши билан 12.00дан бошлаб Давлат тест марказига қайтарилади. Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади.
Тест натижаларини қайта ишлашда иштирок этадиган ходимлар тест синовларидан бир кун олдин ташқи дунёдан узилган ҳолда натижалар эълон қилингунга қадар Тест марказида яшайди (ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларисиз).
Тегишли хизматлар томонидан ўрнатилган тартибда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги, тест материалларининг махфий ва даҳлсизлиги, бинолар фаолият тизимининг узлуксиз ишлаши, тиббий хизмат ва иншоотларни қўриқлаш тўлиқ таъминланди. Тест синовлари белгиланган режа асосида ўтказилди ва ўтказиш жараёнида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар рўй бермаган.