...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қорақалпоғистонда анчадан бери бундай ҳолат кузатилмаётган эди (фото)


18:16, 12.04.2017 Жамият
 6 069

Ҳозирги пайтда Судочье кўлида фламинго ва бошқа камёб учрайдиган қушлар учун биринчи хавф ва муаммо бу – сувнинг етишмовчилиги.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган Судочье кўлида айни пайтда қушлар салтанати ҳукм сурмоқда. Умумий майдони 50 минг гектардан ошадиган ушбу кўллар тизимида ҳозирда 230дан ортиқ турдаги минглаб кўчманчи ва доимий яшовчи қушлар мавжуд бўлиб, уларнинг орасидан фламинго қушлар тўдасини ҳам учратиш мумкин.
 
Судочье кўллар тизимида Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига кирган 40 турдаги қушларнинг 30 тури, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро ташкилотининг “Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг Қизил рўйхати”га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди.


 
Шундай қизил китобга кирган қушларнинг бири – фламинго қушининг тўдаси кейинги 10 йил ичида Судочье кўлида пайдо бўлди. Ўзининг cўлим табиати, гўзал манзараси билан нафақат маҳаллий аҳолининг, балки хорижий туристларнинг ҳам эътиборини қозониб келаётган Судочье кўллар тизимида табиатда ноёб саналадиган пушти ранг фламинго қушларининг мавжудлиги ва ушбу қушнинг шу жойда уяларининг топилганлиги республикамиз орнитолог-олимларининг катта илмий кашфиёти бўлди.
 
Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси, биология фанлари номзоди Я.Аметовнинг таъкидлашича, Судочье кўли кўчманчи қушларнинг олис-олисларга учиши учун куч тўплаш мақсадида қўним топадиган мўл озуқа манбаи ҳам саналади. Фламинго қушлари Қорақалпоғистоннинг бир-неча жойларида, хусусан, Возрождение оролида, Мўйноқда, ғарбий Қаратерен кўлида, Шегекўлда (Междуречье сув сақлагичи), Сариқамиш кўлида, Амударёнинг ўнг қирғоғида, Жалтирбас кўлида ва бошқа жойларда учраган, лекин Судочьедаги каби йирик колониянинг пайдо бўлиши аввал кузатилмаган.


 
Орнитолог-олимларнинг билдиришича, ҳозирги пайтда Судочье кўлида фламинго ва бошқа камёб учрайдиган қушлар учун биринчи хавф ва муаммо бу – сувнинг етишмовчилиги. Бу қушларнинг тирикчилиги ва уялаши учун маълум миқдорда сув керак бўлади. Сабаби булар сувда ва сув қирғоғида яшовчи қушлар. Иккинчи хавф ва муаммо бу – ноқонуний овчилик ёки браконьерлик.
 
Қорақалпоғистон дейилганда кўпчиликнинг тасаввурида ўта аянчли экологик аҳволдаги ҳудуд пайдо бўлади. Лекин, Судочье кўлини, Орол денгизи акваториясини, Устюрт чинкларини, каньонларни ва Устюрт кенгликларидаги неча асрлар тарихини сир сақлаётган обидалар, археологик топилмаларни кўрган киши бир умр бу диёрга чексиз муҳаббати ортиши табиий.
 
Қуйида Судочье кўлидан олинган расмларни томоша қилишингиз мумкин.
Бобур Жалолов

Теглар:Қорақалпоғистон Республикаси Фламинго 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар