Машинанинг том қисмида 8-10 метр узунликда арматуралар олиб кетаётган қора рангдаги Газ-21 Волга автомобили юк оғирлигини кўтара олмай ёнбошлаб қолган.
Ижтимоий тармоқлардаги “Водители Ташкента” гуруҳида нафақат тошкентлик ҳайдовчилар, балки вилоятлардаги ҳайдовчилар ҳам анча фаол. Бугун, 23 февраль куни гуруҳга Қўқондаги “Ғишткўприк”да содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасининг суратлари жойланди. Унга кўра, машинанинг том қисмида 8-10 метр узунликда арматуралар олиб кетаётган қора рангдаги Газ-21 Волга автомобили юк оғирлигини кўтара олмай ёнбошлаб қолгани тасвирланган. Воқеа оқибатида фақат Газ-21 Волганинг ўзига зарар етган бўлса майли эди. Машинанинг том қисмига жойлаштирилган арматуралар Газ-21 Волганинг ёнгинасида ҳаракатланиб кетаётган Nexia русумидаги такси автомобилини ҳам босиб қолган. Натижада икки машинага ҳам жиддий зарар етган. Жароҳатланганлар ҳақида маълумотлар йўқ. Воқеа жойига зудлик билан ЙПХ ходимлари етиб келгани суратларда ўз ифодасини топиб турибди.
“Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари бундай ҳолатлар йўлларда тез-тез учраб туриши, енгил машиналарга бундай оғир юкларнинг ортилиши кўп ҳолларда ЙТҲларга сабаб бўлишини айтишмоқда.