Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева Ўзбекистон номидан Халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиш учун Ҳиндистонга жўнаб кетди.
Фестивал доирасида дунёнинг турли чеккаларидан келган санъат усталари ўз концерт дастурларини тақдим этадилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева бугун Ўзбекистон номидан фестивал доирасида концерт беради. Биз айни дамда концертга тайёргарлик кўраётган Турдиева билан боғландик.
Юлдуз Турдиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
— Фестивалда Мўғулистон, Греция, Ҳиндистон, Марокаш, Миср, АҚШ, Афғонистон каби мамлакатлардан санъаткорлар, этник мусиқа ижрочилари иштирок этишяпти. Бироз ҳаяжондаман. Бугунги концерт дастури билан юртимизда мусиқа санъатига, санъаткорларга қаратилган юксак эътиборни исботлаб бермоқчиман.
Ватанимизни, оиламни, фарзандларимни жуда соғиндим.
Маълумотларга қараганда, фестивал доирасида яна бир қанча концерт дастурлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Фестивал 25-27 февраль кунлари Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида ўз ишини давом эттиради.