Аҳмадобод халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ҳиндистон расмий доиралари вакиллари кутиб олди.
ЎзАнинг хабар берилишича, Аҳмадобод халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ҳиндистон Республикаси расмий доиралари вакиллари кутиб олди.
Давлат раҳбари 18 январь куни Гужарат штати маркази Гандинагар шаҳрида ўтадиган “Жўшқин Гужарат – 2019” IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этади.
Аввал хабар қилинганидек, Президент саммит ялпи сессиясида нутқ сўзлайди. Шунингдек, Бош вазир Нарендра Моди билан Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлиги, халқаро ва минтақавий сиёсатга доир долзарб масалалар юзасидан музокаралар ўтказади.
Бош вазир Нарендра Моди ташаббуси билан Гандинагар шаҳрида 2003 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Жўшқин Гужарат» саммити минтақадаги энг йирик халқаро форум ҳисобланади. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, халқаро ташкилот ва трансмиллий корпорациялар раҳбарлари, етакчи таҳлилчилар, экспертлар қатнашади.
Президент Шавкат Мирзиёев “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро инвестиция саммитида Марказий Осиё мамлакатларидан асосий меҳмон, шунингдек, Ҳиндистон ҳамкори сифатида иштирок этади.
Анъанага кўра, глобал иқтисодиётни ривожлантириш, савдо соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, инвестициялар жалб қилиш, илғор технологиялар ва билимлар алмашишга доир долзарб масалалар форум иштирокчилари диққат марказида бўлади.