Айбланувчи Aqua-cola ичимликларини Coca-cola идишларига қуйиш ва қўшимча газлантириш орқали қимматроқ пуллаш билан шуғулланиб келган.
Яқинда Жиззах вилояти божхона бошқармаси ҳодимлари томонидан олинган текзор маълумотлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Жиззах туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида сохта тадбиркорларнинг қўлбола салқин ичимликлар ишлаб чиқараётгани маълум бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур туманда истиқомат қилувчи К.Бектурдиевнинг (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у ўз хонадонида яширин цех фаолиятини йўлга қўйгани аниқланди. Бу ерда қўлбола усулда оддий ичимлик сувига турли синтетик аралашмаларни қўшилган ҳамда ҳосил бўлган суюқлик кислород баллони орқали газланган. Сўнгра “тайёр” маҳсулот Coca-cola, Fanta каби таниқли савдо белгиларининг ёрлиғи туширилган 1,5 литр ҳажмдаги елим идишларга қуйилган. Шу тариқа контрафакт маҳсулотлар савдо расталарига йўл олган ва харидорларни алдаш йўли билан пуллаб келинга, дейилади хабарда.
Тезкор тадбир давомида ушбу “цех”да қиймати салкам 2 млн сўмлик қўлбола усулда тайёрланган истеъмолга яроқсиз 124 дона Coca-cola ва 210 дона Fanta контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқа воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Шунингдек, Жиззах туманида яшовчи яна бир фуқаро Ж.Болтаеванинг ҳам қинғир қилмишларига чек қўйилгани айтилади.
Амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида унинг хонадони кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам яширин цех фаолият олиб бораётгани аниқланган. У бозорда нисбатан арзон бошқа номдаги, яъни Aqua-cola ичимликларини Coca-cola идишларига қуйиш ва қўшимча газлантириш орқали қимматроқ пуллаш билан шуғулланиб келган.
Ушбу хонадондан, қиймати 1,2 млн сўмдан ортиқ қўлбола усулда тайёрланган, истеъмол учун яроқсиз 213 дона Coca-cola ичимликлари ва кислород баллони ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.