Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда бир қатор ҳукумат вакиллари таъзия билдирдилар.
Унда шундай ёзилади:
Аваз Эргашев 1949 йилда Жомбой туманида туғилди. Фаолияти давомида Жомбой туманидаги жамоа хўжалигида бригада бошлиғи, бош агроном ва хўжалик раиси вазифаларида, шунингдек, “Жомбой дон” акциядорлик жамияти, туман машина-трактор паркида раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилди. 2009-2015 йилларда Жомбой туманидаги “Аваз агро ҳосил” фермер хўжалиги бошлиғи сифатида самарали фаолият олиб борди.
Аваз Эргашев ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Айниқса, мустақиллик йилларида юртимизда фермерлик ҳаракатини ташкил этиш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини шакллантириш борасида фидокорона меҳнат қилди. Унинг раҳбарлигидаги фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича вилоятда энг юқори кўрсаткичларга эришиб келган.
Аваз Эргашев сўнгги йилларда нафақада бўлишига қарамасдан, жамоат ишларида фаол иштирок этиб, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, ёшларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аграр тармоқни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришиш борасида ўзининг маслаҳат ва ёрдамини аямай, аҳоли ўртасида юксак обрў-эътиборга эга эди.
Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган эди.
Моҳир ва тадбиркор деҳқон, жонкуяр, самимий ва камтарин инсон Аваз Эргашевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, З.Мирзаев, Б.Юсупов, Т.Жўраев.