Йўловчилар ташийдиган автомобиль транспортининг янги мунтазам йўналишлари ҳамма жойда очилмоқда, ҳозирги вақтда уларнинг сони 4,3 мингтадан ошди.
Кейинги йилларда автомобиль транспорти соҳасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида кўплаб чора-тадбирлар кўрилди, автотранспорт хизматларини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари изчил бажарилмоқда.
Йўловчилар ташийдиган автомобиль транспортининг янги мунтазам йўналишлари ҳамма жойда очилмоқда, ҳозирги вақтда уларнинг сони 4,3 мингтадан ошди.
Фақат сўнгги 3 йилнинг ўзида, асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 3 мингга яқин автобус ва 12 мингта енгил автомобиль фойдаланишга топширилди. Янги автовокзаллар ва автостанциялар барпо этилмоқда, эскилари реконструкция қилинмоқда.
Бироқ, автотранспорт хизматлари кўрсатиш тизимини, айниқса, қишлоқ жойларда такомиллаштириш ишларини бундан буён ҳам фаоллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш зарур.
Қабул қилинган қарор айнан республиканинг шаҳар ва қишлоқларида, биринчи навбатда қишлоқ жойларда автотранспорт хизматлари билан таъминлашни янада яхшилашга, йўловчилар ташиш хавфсизлигини оширишга қаратилган.
2017-2021 йилларда 303 та янги йўловчи ташиш йўналиши, улардан 240 тасини (79,2 фоизи) шаҳар атрофида ва қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳарлараро қатновларда очиш назарда тутилмоқда. Янги йўналишлар очиш билан биргаликда, асосан автобуслар етишмаслиги туфайли қатнов тўхтатилган йўналишлар тикланади.
Келгуси 5 йилда 8,6 мингта йўловчи ташиш автомобили, шу жумладан, 5,7 мингта умумий фойдаланишга қулай микроавтобус сотиб олинади.
Автостанциялар, тўхташ бекатлари енгил конструкциялардан ва асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган арзон материаллардан (металл конструкциялар, сэндвич-панеллар ва шу кабилардан) фойдаланган ҳолда намунавий лойиҳалар бўйича қурилади.
Йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида автобус ва микроавтобусларнинг ишини масофадан онлайн режимида (GPS) доимий кузатишни;
2018 йилнинг 1 июль санасига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида шаҳар йўловчилар транспортида йўл ҳақини банк пластик карточкасида нақд пулсиз тўлаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига таркибий ва институционал ўзгартириш, хизматлар бозори шаклланиши ва ривожланишига ҳамда автомобилларда ташиш хавфсизлиги масалаларини ҳал қилиш учун махсус ваколатли давлат бошқаруви органи сифатида йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини оширишга йўналтирилган комплекс амалий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини ва тизимли асосда амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш юкланмоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг аҳоли билан веб-сайт, “ишонч телефонлари” орқали мулоқотининг амалий механизми таъминланади.
Келгуси 5 йил мобайнида Дастурни молиялаштиришга 840 миллиард сўмдан зиёд, асосан “Ўзавтосаноат-лизинг” ва бошқа лизинг компанияларининг маблағлари, тижорат банклари кредитлари, хусусий инвесторларнинг ўз маблағлари, шунингдек, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар йўналтирилади.
Қарорда лизинг компаниялари ва ташувчиларнинг ўзлари янги сотиб оладиган микроавтобуслар учун Республика йўл жамғармасига тўланадиган йиғим тўловидан озод қилиниши назарда тутилган.
Четдан келтириладиган ва республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, автобуслар ва микроавтобусларнинг ишини онлайн режимида (GPS) мунтазам тарзда масофадан кузатиб боришни, шунингдек, йўлкирани нақд пулсиз тўлаш тизимини жорий этиш учун мўлжалланган барча материаллар, асбоб-ускуналар, деталлар божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) озод қилиниши ҳам назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, юридик шахслар шаҳар атрофидаги ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда (қишлоқ жойларда) автобусларда йўловчилар ташиш ҳажми бўйича ягона солиқ тўловидан озод қилинмоқда.
Дастурнинг амалга оширилиши юзасидан ишчи гуруҳ мунтазам мониторинг олиб боради. Қуйидагилар ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
тармоқ жадвалларига мувофиқ Дастур тадбирлари амалга оширилишини тизимли таҳлил қилиш ва таҳлил асосида Дастур амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
шаҳарлар ва қишлоқларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ва автобусларда йўловчилар ташиш тизимига, йўловчилар автовокзаллари, автостанциялар, охирги тўхташ пунктларини қуришга инвестицияларни амалга ошириш учун хусусий инвесторларни жалб этиш чора-тадбирларини кўриш;
янги автобуслар ва микроавтобусларни сотиб олиш юзасидан шартномаларни келишиш ва амалга оширишда, уларга техник хизмат кўрсатишнинг замонавий, модернизациялаштирилган пунктларида айнан бир хил техник хизмат кўрсатишни таъминлашда автомобилда ташувчиларга кўмаклашиш;
ёқилғи қиймати ва бошқа иқтисодий шарт-шароитлар ўзгарган тақдирда йўлкира тарифлари ўз вақтида қайта кўриб чиқилишини назорат қилиш;
Дастурда назарда тутилган тадбирлар бажарилиши масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, ташувчиларнинг раҳбарлари ҳисоботларини мунтазам эшитиш.
Қарорнинг амалга оширилиши йўловчилар ташиш хавфсизлигини, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатининг юқори даражасини, жамоат транспорти йўналишларидаги транспорт воситалари ҳаракатининг белгиланган жадваллари ва оралиқлари маромига риоя этилишини, автотранспортда йўловчилар ташиш соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини ҳамда ташувчиларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга кўмаклашади.