...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш соҳасида янги қарорни имзолади


09:27, 12.01.2017 Жамият
 11 213

“Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқлардаги автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда чоп этилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Автотранспорт хизматлари билан таъминлаш соҳасини янада такомиллаштириш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришиш ҳамда мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш, йўловчилар ташиш хавфсизлигини ошириш ва атмосферага зарарли ташламаларни қисқартириш мақсадида: 

1. Қуйидагилар республикада автомобиль транспортида йўловчилар ташишни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
 
ҳаракатдаги таркибни замонавий, қулай автобуслар ва микроавтобуслар билан янгилаш, йўналишларни оқилона ташкил этиш ва кенгайтириш, йўл қопламаларини биринчи навбатда қишлоқ жойларда яхшилаш ҳисобига аҳолининг автомобилларда ташувларга бўлган талаб-эҳтиёжини янада тўлиқ қондиришни таъминлаш; 

йўловчилар ташиш хавфсизлиги чора-тадбирларини кучайтириш, йўналишлар бўйича ҳаракатланиш жадвалларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифат даражасини ошириш, йўловчилар ташиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини шакллантириш, йўлкира ҳақи учун нақд пулсиз тўлов тизимини жорий этиш;
 
автобуслар ва микроавтобуслардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, автомобиль транспорти корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш; 

йўловчилар ташишни бошқариш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш. 

2. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги зиммасига йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини оширишга йўналтирилган комплекс амалий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва тизимли асосда амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифаси юклансин, қуйидагилар агентликнинг қўшимча функциялари этиб белгилансин:
 
йўналишларда йўловчилар ташиш транспортида хизматлар кўрсатиш юзасидан намунавий контрактларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, уларда аҳолига сифатли ва хавфсиз автотранспорт хизматларини кафолатли таъминлаш учун оптимал шарт-шароитларни назарда тутиш; 

йўловчилар ташишни амалга ошириш юзасидан доимий равишда марказлаштирилган мониторинг олиб борилишини таъминлаш, онлайн (GPS) режимида масофадан кузатиш тизимини ҳамда расмий веб-сайт ва «ишонч телефонлари» орқали аҳоли билан мулоқот механизмларини босқичма-босқич жорий этиш;
 
ташувчилар томонидан йўналишларда хизмат кўрсатиш юзасидан лицензия талаблари ва шартларининг, контрактларнинг бажарилиши, йўловчилар ҳуқуқларига, белгиланган ҳаракатланиш жадвалларига, транспортда юриш тарифларига риоя этилиши, қонунчиликнинг, шу жумладан, санитария қоидаларининг бузилишлари ва хизмат кўрсатиш маданиятининг паст бўлиши ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан тизимли назоратни ташкил этиш. 

3. 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқлансин. Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади: 

1-иловага мувофиқ 2017-2021 йилларда йўловчилар ташийдиган янги автобус йўналишларини ташкил этишнинг мақсадли параметрлари; 

2- ва 3-иловаларга мувофиқ 2017-2021 йилларда янги автобуслар ва микроавтобуслар сотиб олиш параметрлари;
 
4-иловага мувофиқ 2017-2021 йилларда йўловчилар автовокзаллари ва автостанцияларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш тадбирлари. 

4. Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилиши юзасидан масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклансин.
 
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги билан биргаликда: 

Дастурда назарда тутилган тадбирлар ва параметрларни амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқилишини;
 
2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида шаҳар йўловчилар ташиш транспортида йўлкира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини; 

ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисида ахборот киритилишини таъминласинлар. 

6. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда лойиҳалаш ташкилотлари билан биргаликда икки ой муддатда, енгил конструкциялардан ҳамда нархлари ва сифат кўрсаткичлари бўйича қулай бўлган, асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган материаллардан (металл конструкциялар, сэндвич-панеллар ва шу кабилардан) фойдаланган ҳолда автовокзаллар, автостанциялар ва йўналишлардаги тўхташ пунктларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминласин. 

7. Маҳаллий бюджетлар, “Ўзавтосаноат-лизинг” МЧЖ, бошқа лизинг ташкилотлари маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Дастурни амалга оширишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

8. Акциядорлик тижорат Халқ банкига, зарурат бўлганда, жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган фоиз ставкаси билан, келгусида «Ўзавтосаноат-лизинг» масъулияти чекланган жамияти ва бошқа лизинг ташкилотларини молиялаштириш учун йиллик 0,5 фоиздан кўп бўлмаган тижорат банклари маржаси билан умумий миқдори 100 миллиард сўмгача ресурслар ажратиш тавсия этилсин.
 
9. 2022 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга:
 
четдан келтириладиган ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, мунтазам йўловчилар ташиш йўналишларида банд бўлган автобуслар ва микроавтобусларнинг иши устидан онлайн режимида (GPS), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича шаҳар йўловчилар ташиш транспортида юрганлик учун электрон тўлов тизимларини масофадан кузатиб боришни жорий этиш учун мўлжалланган ускуналар, механизмлар, материаллар, бутловчи буюмлар божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно); 

лизинг ташкилотлари ва автомобиль транспорти ташкилотлари – Дастур доирасида сотиб олинадиган микроавтобусларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғим тўловидан; 

автомобиль транспорти ташкилотлари – йўловчиларни шаҳар атрофида ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда (қишлоқ жойларда) автобуслар ва микроавтобусларда ташиш ҳажми бўйича ягона солиқ тўловидан озод қилинсин. 

10. Дастур бажарилишининг доимий мониторинги олиб борилишини таъминлаш бўйича 5-иловага мувофиқ таркибда ишчи гуруҳ ташкил этилсин. Қуйидагилар ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
 
тармоқ жадвалларига мувофиқ Дастур тадбирлари амалга оширилишини тизимли таҳлил қилиш ва таҳлил асосида Дастур амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
 
шаҳарлар ва қишлоқларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ва автобусларда йўловчилар ташиш тизимига, йўловчилар автовокзаллари, автостанциялар, охирги тўхташ пунктларини қуришга инвестицияларни амалга ошириш учун хусусий инвесторларни жалб этиш чора-тадбирларини кўриш;
 
янги автобуслар ва микроавтобусларни сотиб олиш юзасидан шартномаларни келишиш ва амалга оширишда, уларга техник хизмат кўрсатишнинг замонавий, модернизациялаштирилган пунктларида айнан бир хил техник хизмат кўрсатишни таъминлашда автомобилда ташувчиларга кўмаклашиш;
 
ёқилғи қиймати ва бошқа иқтисодий шарт-шароитлар ўзгарган тақдирда йўлкира тарифлари ўз вақтида қайта кўриб чиқилишини назорат қилиш;
 
Дастурда назарда тутилган тадбирлар бажарилиши масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, ташувчиларнинг раҳбарлари ҳисоботларини мунтазам эшитиш. 

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси республика шаҳарлари ва қишлоқларида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ва автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ташкил этиш бўйича бир ой муддатда қарор қабул қилсин. 

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси 
Президенти Ш.Мирзиёев 

Тошкент шаҳри, 
2017 йил 10 январь

Теглар:Президент қарори Транспорт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар