...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президентнинг элчилардан кўнгли тўқми? Йиғилишда нималар ҳақида сўз борди?


20:45, 12.01.2018 Жамият
 4 007

Ўзбекистоннинг хориждаги ҳар бир дипломатик муассасаси амалий фаолияти атрофлича кўриб чиқилди ва танқидий баҳоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида  2018 йил 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Унда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони вакиллари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоятлар ҳокимлари, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа вазирлик ҳамда идоралар раҳбар ходимлари иштирок этди.
 
Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилди.
 
“Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойили изчил ҳаётга татбиқ этилиши минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратиш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди. Шу асосда сувдан оқилона фойдаланиш, чегара, транспорт қатновини қайта тиклаш ва кенгайтириш каби кўплаб нозик масалаларга ечим топилди.
 
Россия ва бошқа МДҲ мамлакатлари, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Европа ва Осиёдаги бир қатор давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
 
Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Тошкент шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг офиси қайта иш бошлади. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестициялари банки билан ҳамкорликни янгича асосда йўлга қўйилди.
 
2017 йилда 200 дан ортиқ халқаро шартномалар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қиймати қарийб 60 миллиард АҚШ долларига тенг келишув ва битимлар имзоланди.
 
Бундай салмоқли ишларда Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муҳим ўрин тутгани таъкидланди.
 
Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг муассасалари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг 2017 йилдаги фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, 2018 йил ва яқин истиқболдаги устувор вазифалари белгилаб олинди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида Ташқи ишлар вазирлигининг барча йўналишлардаги фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш зарурлигини таъкидлади. Бунда, аввало, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, мамлакат саноати ва инфратузилмаларини модернизация қилиш учун хорижий инвестициялар, илғор технологиялар ҳамда илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш, юртимизга сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича тизимли иш бориш керак. Элчилар ва барча даражадаги дипломатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги босқичида фаол қатнашишлари лозим.
 
Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлардаги элчилар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш, вазирлик ва унга қарашли муассасалар ташкилий-штат тузилмасини такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигига эътибор қаратди.
 
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов бошчилигидаги Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари фаолиятини танқидий ўрганиш ҳамда тубдан такомиллаштириш бўйича комиссия Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ҳар бир ходимнинг ишига холис баҳо бериши, мавжуд камчиликларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этишга оид аниқ таклифлар киритиши лозим бўлади.
 
Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва инвестициялар жалб этиш, туризмни ривожлантириш, ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини котибият сифатида мувофиқлаштириш, хориждаги ватандошларимиз ва фуқароларимиз билан ишлаш бўйича ихтисослашган бўлинмалар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Йиғилишда бугун қўйилаётган вазифалар дипломатик хизматни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг самарали тизимини шакллантиришни талаб қилаётгани ҳам қайд этилди.
 
Ўзбекистоннинг хориждаги ҳар бир дипломатик муассасаси амалий фаолияти атрофлича кўриб чиқилди ва танқидий баҳоланди, яқин истиқболда ташқи сиёсий фаолият юритишнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилди.
 
Президент ҳар бир элчихонага Ўзбекистоннинг муайян ҳудуди ва иқтисодиёт тармоғини бириктириш таклифини билдирди. Энди ҳар бир элчи иш кунини ўзига бириктирилган ҳудуд ҳокими ва тармоқ раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилишдан бошлайди. Экспорт ва туризмни ривожлантириш, бизнес кооперациясини кучайтириш бўйича аниқ инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар тезкор ҳал қилинади.
 
Ўз навбатида, вилоят ҳокимлари бир йилда камида икки марта тегишли мамлакатларга хизмат сафарига шаҳарсозлик ва ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида бориши шарт.
 
Йиғилишда, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг дипломатик миссияларининг дахлдор вазирлик ҳамда идоралар, маҳаллий ижро органлари билан ўзаро идоралараро муносабатларининг аниқ ва самарали тизимини шакллантириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Президент тизимли ва аниқ тарғибот-ташвиқот ишлари, айниқса, хорижий мамлакатларда йўлга қўйилмаганини танқид қилди. “Хорижий шерикларимиз ҳалигача юртимизда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотлардан, ички ва ташқи сиёсатимизнинг устувор жиҳатлари, бизнес ва инвестиция учун яратилаётган қулай, янги шарт-шароитлар ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслар”, деди давлат раҳбари.
 
Шу муносабат билан Президент “Жаҳон” ахборот агентлиги негизида ёш, салоҳиятли мутахассисларни жалб қилган ҳолда, энг илғор техникалар билан жиҳозланган замонавий медиа-марказ ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича алоҳида тузилма ташкил қилишни таклиф этди.
 
Йиғилишда, шунингдек,  дипломат кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида истиқболли, ўз касбига содиқ ва профессионал ёш кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар муваффақиятининг муҳим шарти экани таъкидланди.
 
Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Теглар:Ташқи сиёсат Элчихона 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар