...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент Ҳалима Худойбердиевани “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлади


12:05, 18.05.2017 Жамият
 4 134

Анча йиллар одамлар кўзидан узоқда бўлган шоира Ҳалима Худойбердиева 70 ёшни қаршилади.

Аслида шоирлик, шеър ёзиш ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган. Шунданми, ўзбекнинг шоири кўп, адиби зиёд. Айниқса, аёллар орасидан вулқон каби отилиб чиққан шоиралар борки, уларнинг номи шеърлари каби қалбимиздан чуқур жой эгаллаган. “Муқаддас аёл” қўшиғини эшитмаган ўзбек топилмайди. Қўшиқ сўзлари шу қадар содда, шу қадар халқчил ва шу қадар кўнгилга яқинки, у тилдан-тилга ўтиб, юракларгача кириб борган. Сўзнинг сеҳри, шоирнинг меҳнати, бедор ўтказган тунларининг ҳаққи бу.


 
Ушбу шеър муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева кеча, 17 май куни қутлуғ 70 ёшни қаршилади.
 
Анча йиллар ОАВда кўринмай қолган, ёзувчилар иштирокидаги тадбирларда ҳам иштирок этмай қўйган Ҳалима Худойбердиева сўнгги олти ой ичида яна фаоллашди. Учрашувлар, телевидение ва радиолардаги чиқишлар, газеталардаги интервьюлар унинг шеърларини соғинганларга таскин берди.
 
Ҳалима Худойбердиеванинг туғилган куни муносабати билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов қатнашиб, шоирани таваллуд куни билан муборакбод этди ва “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.


 
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, “Ўзбекистон” нашриёти бош муҳаррири Ашурали Жўраев, “Саодат” журнали бош муҳаррири Феруза Жалилова, шоира Қутлибека Раҳимбоева сўзга чиқиб, шоирани табаррук ёш ва қутлуғ мукофот билан қутладилар.
 
Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. У ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент давлат университетида таълим олди. Сўнгра “Саодат” журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди. Шу давр оралиғида у Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди. У “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди. “Ёзувчи” нашриётида етакчи мутахассис ва “Гулистон” журналида адабиёт бўлимини бошқарди.
 
Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, шу кунгача у йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Хусусан, унинг “Илк муҳаббат” (1968), “Оқ олмалар” (1973), “Чаман” (1974), “Суянч тоғларим” (1976), “Бобо қуёш”(1977), “Иссиқ қор”(1979), “Садоқат” (1983), “Муқаддас аёл” (1987), “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” (1991), “Ҳурлик ўти” (1993), “Бу кунларга етганлар бор” (1994), “Тўмариснинг айтгани” (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган. У таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилмоқда. Унинг Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов асарларидан қилган таржималари эътиборлидир. Ҳалима Худойбердиева маҳоратли публицист ҳамдир. Унинг “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилади.

Унинг жўшқин шеърияти ёрдамида инсонларни руҳлантириш, уларга ирода, матонат, бағрикенглик ва ҳар қандай шароитда ҳам ўз ижодига содиқ қолишдан иборат ибрат мактаби муносиб баҳоланиб, 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони билан тақдирланган.
 
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевани қутлуғ 70 ёшни қаршилагани ва “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлгани билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, ижодий парвозлар тилаймиз. 

Теглар:Ҳалима Худойбердиева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар