...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент валюта захираларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди


20:10, 29.01.2019 Жамият
 5 424

Шавкат Мирзиёев валюта сиёсати ва ташқи савдо бўйича “катталар” билан йиғилиш ўтказди.

Бугун, 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.
 
Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Валюта захираларидан оқилона фойдаланиш, ушбу захирани бошқаришнинг аниқ стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
 
Шунингдек, олтин-валюта захиралари таркибини оптималлаштириш, валюталарни сақлашда халқаро тажриба асосида қимматли қоғозлар, жумладан, юқори ликвидли облигациялардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
 
Валюта тушумлари ва олтин-валюта захираларининг кўпайишини таъминлашда энг оптимал йўл бу – экспорт салоҳиятини оширишдир. Шунинг учун бу йил экспорт прогнозлари ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўпроқ қилиб белгиланган.
 
Лекин, айрим хўжалик юритувчи субъектларда ҳанузгача экспорт тушуми бўйича муддати ўтган қарздорликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
 
Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ҳар бир хўжалик бирлашмаси кесимида экспорт бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни камайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш вазифаси қўйилди.
 
Халқаро экспертлар фикрига кўра, иқтисодиёт эркинлашган ва инвестициялар фаоллашган шароитда ташқи савдо айланмасида ўзгаришлар бўлиши табиий ҳолат.
 
Президент эркин сотиб олинаётган валюта иқтисодиётнинг эртанги кундаги ривожланиш мақсадларига хизмат қилиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
 
Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш мақсадида инвестиция характерига эга бўлган технология, асбоб-ускуна, хомашё ва материалларни харид қилишда хўжалик юритувчи субъектлар ва корхоналарнинг валюталарини самарали йўналтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Давлат улушига эга корхоналарда импорт ўрнини босувчи ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш кераклиги қайд этилди.
 
Шунингдек, янги божхона тарифларининг маҳаллий ишлаб чиқаришга таъсирини ўрганиб, амалдаги тарифларни янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
 
Йиғилишда иқтисодиётнинг етакчи корхона ва ташкилотлар кесимида экспорт тушумлари танқидий таҳлил қилиниб, бу борадаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, шу жумладан, етакчи экспортёр корхоналарнинг экспорт тушумларини кўпайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Бу борада нисбий устуворликка эга бўлган соҳаларни аниқлаб олиш ҳамда уларни ривожлантириш бўйича концепция ва йўл хариталари ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
 
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Шавкат Мирзиёев Иқтисодиёт савдо 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар